Ўзбекистонда ЙТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди
ИМВ ҳузуридаги институт ЙТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун ойига 163,2 минг сўмлик ягона ижтимоий солиқ жорий этишни таклиф қилди. Ўзини ўзи банд қилганлар учун тўлов 4,45 баравар ошиши, ЙТТлар учун эса 2,7 баравар камайиши мумкин. Янги тартибни босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлар (ЙТТ) ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқ тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди. Бу ташаббус Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлил институти томонидан 30-июл куни ўтказилган фискал мулоқотда тақдим этилди. Институт ушбу икки тоифа учун ижтимоий солиқ тўлашда ягона ёндашувни жорий этишни таклиф қилмоқда.
Ҳозирда ЙТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун солиқ базаси бир хил – базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 баробари (412 минг сўм, 1-сентабрдан 440 минг сўм). Бироқ, тўловлар даврийлиги турлича. Солиқ кодексининг 408-моддаси 1-қисмига кўра, ЙТТлар ҳар ойда камида 1 БҲМ миқдорида, яъни йилига 5,28 млн сўм ижтимоий солиқ тўлаши шарт. Худди шу модданинг 2-қисмига биноан, ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнат стажига қўшилиши учун йилига 1 БҲМ миқдорида ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлаши мумкин. БҲМ оширилгандан сўнг уларнинг йиллик тўлови 440 минг сўмни, ойига эса тахминан 36,7 минг сўмни ташкил этади.
Шу сабабли, тақдимотда қайд этилишича, ЙТТ учун солиқ юки ўзини ўзи банд қилган шахсга нисбатан 12 баравар юқори. Маълумот учун, ЙТТлар беш нафаргача ходимни ишга ёллаши ва чакана савдо билан шуғулланиши мумкин, ўзини ўзи банд қилганлар эса бундай имкониятларга эга эмас. Шунинг учун бу тоифалар ўртасидаги мажбурий ижтимоий тўловлар миқдоридаги фарқ қисман ЙТТларнинг кенгроқ фаолият кўлами билан изоҳланади.
Институт тўловлар миқдорида катта фарқ бўлган икки параллел режимдан воз кечиб, ўзини ўзи банд қилганларнинг ягона тоифасига ўтишни тавсия қилди. Халқаро амалиётда бадаллар одатда декларация қилинган даромад ёки энг кам иш ҳақига боғланади. Шу боис, минимал ижтимоий солиқни БҲМдан эмас, балки меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (МҲЕКМ) келиб чиқиб ҳисоблаш таклиф этилмоқда.
Таклифга кўра, тўлов Солиқ кодексининг 405-моддасида назарда тутилган ижтимоий солиқнинг базавий ставкаси – МҲЕКМнинг 12 фоизини ташкил этиши мумкин. МҲЕКМ 1,36 млн сўм бўлганида бу ойига 163,2 минг сўм ёки йилига қарийб 1,96 млн сўмни ташкил қилади. Бу ўзини ўзи банд қилганлар учун ҳозирги ихтиёрий тўловга (ойига тахминан 36,7 минг сўм) нисбатан тахминан 4,45 баравар кўп. Айни пайтда, таклиф этилаётган сумма БҲМ оширилгандан кейин ЙТТлар тўлайдиган минимал тўловдан 2,7 баравар кам.
Институт мазкур мақсадли тўловни бир вақтнинг ўзида жорий этмасликни таклиф қилмоқда. Биринчи босқичда ойлик бадал тахминан 50 минг сўмни ташкил этиши мумкин. Кейин эса белгиланган жадвал асосида уни босқичма-босқич 163,2 минг сўмга етказиш таклиф этилмоқда.
Ушбу ташаббус институтнинг таҳлилий таклифи бўлиб, қабул қилинган қарор ёки қонун лойиҳаси мақомига эга эмас. 2026-йил 1-июл ҳолатига кўра, мамлакатда 375,1 минг нафар ЙТТ фаолият юритган. Ўзини ўзи банд қилганлар сони эса турли маълумотларга кўра, 2,8 млн ёки 5,5 млн нафарни ташкил этади.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, ижтимоий солиқни қайта кўриб чиқишда тенглик тамойили нафақат ЙТТ ва ўзини ўзи банд қилганларга, балки имтиёз ёки 1 фоизлик пасайтирилган ставкадан фойдаланаётган корхоналарга ҳам татбиқ этилиши керак. У камида шундай имтиёзга эга субьектлар учун ҳам ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлаш тартибига ўхшаш минимал мажбурий тўлов жорий этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. "Қудрат фақат заифларга ва кичикларга эмас, кучлиларга ва корчалонларга ҳам бирдек ишлатилсагина адолатга айланади. Шунда бу адолатга ишонч яралади", – деди иқтисодчи.
Июл ойи ўрталарида ҳукумат ўзини ўзи банд қилганлар учун пенсия бадалларини ҳам мажбурий қилишни режалаштираётгани маълум бўлган эди. Ҳозирда Ўзбекистонда 2,8 млн нафар ўзини ўзи банд қилган шахс рўйхатдан ўтган, бироқ улардан фақат тахминан 800 минг нафари, яъни 30 фоизи тегишли бадалларни ихтиёрий равишда тўламоқда. Амалдаги тартибга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари – 412 минг сўм тўлаб, пенсия тайинлаш учун бир йиллик меҳнат стажига эга бўлиши мумкин.

