Ногиронлиги бўлган болалар ўқиётган нодавлат мактабларга субсидия берилади

Ногиронлиги бўлган болалар таълим олаётган нодавлат мактабларга субсидия берилиши кўзда тутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ва одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 168 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган бола истиқомат қилади. Уларнинг 133,8 минг нафари таълим ва ижтимоий хизматлар билан таъминланган бўлса, яна 34,6 минг нафар болани таълим тизимига жалб этиш зарур.
Шу мақсадда, 2026-йил 1-октябрдан бошлаб Хоразм ва Навоий вилоятларида ижтимоий ходимлар иштирокида ҳар бир боланинг эҳтиёжларини эрта ва комплекс баҳолаш тизими тажриба тариқасида жорий этилади.
2026/2027-ўқув йилидан бошлаб махсус мактабларда таълим ҳар бир боланинг эҳтиёжлари ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тузиладиган индивидуал ўқув режалари асосида ташкил этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларнинг яшаш жойига яқин ҳудудда таълим олишини таъминлаш мақсадида коррексион синфлар ташкил этган нодавлат мактабларга ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратиш таклиф қилинди. Бундан ташқари, ҳар йили камида 50 та мактабнинг инклюзив таълим муҳитини яхшилашга қаратилган ташаббуслари грант асосида молиялаштирилади.
2027-йилдан бошлаб ногиронлиги бўлган болаларни матнни ўқиш қурилмалари, Брайл дисплейлари, овоз синтезаторлари ва бошқа ассистив воситалар билан ваучер асосида таъминлаш ҳам режалаштирилмоқда.
Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, уларни сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берди.

