Ўзбекистонда давлат ва нодавлат таълим муассасалари учун ягона хавфсизлик талаблари тасдиқланди

Ўзбекистонда давлат ва нодавлат таълим муассасалари учун ягона хавфсизлик талаблари тасдиқланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 31-июлдаги қарори билан тасдиқланган бўлиб, унга кўра, давлат ва нодавлат таълим муассасалари, шунингдек, хорижий олий таълим муассасалари филиалларида хавфсизликни таъминлашнинг ягона тизими жорий этилади.
Қарорга мувофиқ, таълим муассасаларида қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш, кириш-чиқишни назорат қилиш, видеокузатув, ёнғин хавфсизлиги, огоҳлантириш тизимлари ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишнинг ягона талаблари белгиланган. Ушбу ҳужжат давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий ОТМ филиалларига татбиқ этилади.
Тасдиқланган низомга кўра, таълим муассасалари ўқувчилар сонига қараб тоифаларга ажратилади ва хавфсизлик чоралари ҳам шу асосда ташкил этилади. Ҳудудлар видеокузатув камералари, киришни назорат қилиш тизимлари, сигнализация, ёнғин ҳақида огоҳлантириш воситалари ҳамда фавқулодда алоқа воситалари билан жиҳозланади.
Шунингдек, таълим муассасаларида ташриф буюрувчиларни рўйхатдан ўтказиш, транспорт воситаларининг кириб-чиқишини назорат қилиш, қўриқлаш постларини ташкил этиш ва ички тартиб қоидаларини жорий этиш кўзда тутилган. Фавқулодда вазиятлар юзага келганда ходимлар ва ўқувчиларнинг ҳаракатлари бўйича аниқ тартиб ҳам белгиланган.
Қарор билан 2026–2027-йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланган. Унга кўра, таълим муассасаларида хавфсизлик инфратузилмасини босқичма-босқич модернизация қилиш, “Хавфсиз таълим” ахборот тизимини жорий этиш, видеокузатув тизимларини кенгайтириш ҳамда қўриқлаш ходимлари малакасини ошириш ишлари амалга оширилади.
Аввалроқ, Ўзбекистон олийгоҳларида янги ўқув йилидан бошлаб талабалар учун якуний имтиҳонлар видеокузатув камералари билан жиҳозланган аудиторияларда ўтказилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Бу кўзда тутилган қарор лойиҳаси 12-августга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Лойиҳада қайд этилишича, олий таълим ташкилотларида талабалар билимини баҳолаш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, коррупсиявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, талабаларнинг билим ва кўникмаларини холис ва адолатли баҳолаш, уларнинг ижодий ва мустақил фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг масъулиятини ошириш ҳамда халқаро тажрибага асосланган замонавий баҳолаш тизимини жорий этиш мақсад қилинган.

