Ўзбекистонда аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир етказишнинг янги тартиби жорий этилади

Ўзбекистонда аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир етказиб беришнинг янги тартиби жорий этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 30-июлдаги қарорида белгиланган бўлиб, маҳаллий кўмир бозорини эркинлаштириш ҳамда аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир билан узлуксиз таъминлашни назарда тутади.
Ҳужжатга кўра, 2026-йил 1-ноябрдан бошлаб маҳаллий кўмирни давлат томонидан тартибга солинадиган нархда тўғридан-тўғри сотиш амалиёти бекор қилинади. Бунинг ўрнига, кўмир ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотади, аҳоли ва бюджет ташкилотларига етказиб бериш эса махсус ташкил этилган тизим асосида амалга оширилади.
Янги тартибда кўмир харид қилиш ва етказиб бериш жараёнлари махсус интерактив портал орқали бошқарилади. Ушбу порталда истеъмолчилар буюртма бериши, тадбиркорлар эса етказиб бериш бўйича таклифлар билан иштирок этиши мумкин. Аҳоли учун кўмир нархи тадбиркорларнинг энг мақбул таклифлари асосида шакллантирилади, бироқ темирйўл орқали ташиш учун республика бўйлаб ягона тариф қўлланилади.
Қарорда кўмир етказиб берувчиларни танлашнинг рейтинг тизими ҳам жорий этилиши белгиланган. Унда тадбиркорнинг омбори, транспорт воситалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги, фаолият тажрибаси каби мезонлар инобатга олинади. Юқори рейтингга эга тадбиркорлар биржа савдоларида устуворликка эга бўлади.
Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кўмир харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам ажратилади. Ушбу маблағлар 2026–2027-йилларда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳужжатда кўмир нархининг сунъий оширилишининг олдини олиш, кўмирни сақлаш ва етказиб бериш инфратузилмасини модернизация қилиш, импорт кўмир бўйича маълумотлар базасини яратиш ҳамда портални бошқа давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16-март куни ўтказилган йиғилишда энергетика ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётган шароитда кўмир қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилган эди. Унда аҳоли ва саноат корхоналарига кўмир етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича вазифалар белгиланган.

