Ўзбекистонда 1-августдан нималар ўзгаради?

Ўзбекистон қонунчилигида 2026-йил 1-августдан бошлаб бир қатор муҳим ўзгаришлар ва янгиликлар кучга киради. Қуйида ушбу санадан жорий этиладиган асосий ўзгаришлар келтирилган.
**Автокредит фоизининг бир қисми қопланади**
"Траде-ин" дастури доирасида эски автомобилларини топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги транспорт воситаларини сотиб олиш учун автокредит фоизининг ма'лум бир қисми қоплаб берилади.
**Автомобил жарима майдончасидан ҚР кодли электрон рухсатнома орқали олиб чиқилади**
Транспорт воситаларини сақлаш жойларидан чиқариб юбориш учун рухсатнома фақат маъмурий ишни кўриб чиқувчи орган ва ижро органи томонидан “Жарима майдончаси” ахборот тизимида ҚР код билан тасдиқланиб, электрон тарзда юбориш тартиби жорий этилади. Ички ишлар вазирлиги икки ой ичида Солиқ қўмитаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда “Жарима майдончаси” ахборот тизимини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилади.
**Меҳнат низолари бўйича ихтисослашган судялар иш бошлайди**
Олий суд раёсати “Фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судялар корпусини шакллантириш ҳақида”ги қарорни қабул қилди. Унга кўра, янги тартиб судларнинг мавжуд штат бирликлари доирасида амалга оширилади. Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида меҳнат низолари бўйича 4 нафар судя фаолият юритади. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатларида эса 3 нафардан ихтисослашган судя белгиланади.
**Солиқчиларни мижозларга йўналтирилганлик даражасига қараб баҳолаш мумкин бўлади**
Солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилади. Бу солиқ тўловчилар томонидан солиқ хизматларидан фойдаланиш имконияти ва қулайлиги, шунингдек, солиқ органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифати, солиқ мажбуриятларини бажариш учун сарфланадиган вақт ҳамда солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлиги даражасини баҳолаш имкониятини яратади.
**Паррандачилик лойиҳалари учун 10 йиллик имтиёзли кредитлар ажратилади**
Паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни (лойиҳаларни) ишга тушириш учун “Микрокредитбанк” АТБ орқали йиллик 10 фоиз ставкада, 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилгача муддатга кредитлар ажратилади.
**“Ташаббусли бюджет”да депутатларнинг қўшимча ғолиб лойиҳаларни танлаш ваколатлари кенгайтирилади**
Ҳар бир депутат томонидан “Очиқ бюджет” ахборот порталида бир мавсум учун ажратилган маблағлар доирасида бир ёки бир нечта лойиҳалар танланиб, қўшимча равишда ғолиб деб эълон қилинади. Депутат ваколати муддатидан илгари тугатилган ҳолларда, Ташаббусли бюджет жараёнларида парламент назоратини амалга ошириш бўйича комиссия қарорига кўра, бошқа депутатлар томонидан ташаббусли бюджет жараёнларининг тегишли сайлов округидаги қўшимча ғолиблари аниқланади.
**Камёб ёввойи ҳайвонларни овлаш тақиқланади**
Ўзбекистонда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган айрим ёввойи ҳайвонларни овлашга вақтинчалик тақиқ жорий этилади.
**Саноат хавфсизлиги қоидаларини бузгани ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади**
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши юзасидан хабар берган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бу ҳақда фото ва/ёки видеоматериалларни тақдим этган шахсларга ҳуқуқбузарлик бўйича ундирилган жариманинг қўмитага ўтказилган қисмидан 20 фоизи миқдорида пул мукофоти берилади.
**Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналарга газ етказиб берилмайди**
Пойтахт ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларидаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва мавжуд шартномалар белгиланган тартибда газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади.
Иссиқхоналарда ёқилғи сифатида кўмир, шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси ҳамда шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган материалларни ёқиш натижасида атроф табиий муҳит ифлослантирилгани ва чиқиндилар жойлаштирилгани учун компенсация тўловлари 20 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.
**Балиқчилик билан шуғулланувчиларга қатор имтиёзлар берилади**
“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” аксиядорлик жамияти томонидан Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан балиқчилик соҳасидаги тадбиркорлик субьектларига барқарорлик рейтингидаги тоифасидан қатъи назар, Марказий банк асосий ставкасининг икки баробаридан ошмаган миқдорда миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоиз банддан юқори, бироқ 10 фоиз бандгача бўлган қисми қоплаб берилади.
Хорижий валютада ажратиладиган кредитларнинг 8 фоиз банддан юқори, бироқ 4 фоиз бандгача бўлган қисми қоплаб берилади; миллий ва хорижий валютадаги кредитларнинг 50 фоизигача, бироқ 10 миллиард сўм эквивалентидан ошмаган қисмига кафиллик тақдим этилади.

