Маҳаллий

Ўзбекистонда энди тақиқ ёки хатловдаги уйда рўйхатдан ўтиш мумкин бўлади

Ўзбекистонда энди тақиқ ёки хатлов остидаги уйда рўйхатдан ўтиш имконияти пайдо бўлади. Шавкат Мирзиёев 15-июл куни “Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ва фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, кўчмас мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишда мулкдор белгиланган муддат ичида рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилмаса, унга нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилмайди. Бунинг ўрнига, кечикиш муддатидан келиб чиқиб, рўйхатдан ўтказиш учун оширилган тўлов ундирилади.

Шунингдек, агар турар жой мерос ёки яқин қариндошдан ҳадя тариқасида олинган бўлса, уни сотишдан олинган даромадни солиққа тортмаслик учун белгиланган муддат эндиликда васият қилувчи ёки ҳадя қилувчининг ушбу уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган санасидан бошлаб ҳисобланади.

Бундан ташқари, тақиқ ёки хатлов қўйилган турар жойда гаровга олувчининг розилигисиз яшаш ва доимий рўйхатдан ўтишга рухсат берилади. Бунда рўйхатдан ўтиш жараёнида шахс келгусида мулкдор, гаровга олувчи ёки тегишли давлат органи мурожаати асосида унинг рўйхатдан ўтганлиги бекор қилинишига олдиндан розилик бериши шарт.

2026-йил май ойида Ўзбекистонда фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган эди.

Бир нечта уй ёки квартирага эга бўлган турар жой мулкдори улардан фақат биттасига яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади. 18 ёшга тўлмаган фуқаро ота-онаси ёки улардан бири ёки васийси (ҳомийси) рўйхатдан ўтказилган манзилда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади.

o‘zbekistonma’muriy javobgarlikdavlat xizmatlariro‘yxatdan o‘tishmulk huquqisoliqqa tortishyashash joyiqaror