Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳузурида Блогерлар кенгаши ташкил этилди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳузурида Блогерлар ижодий кенгаши ташкил этилди. Унга журналист ва блогер Элдор Асанов раҳбар бўлди. Кенгаш вазифалари сифатида блогерларни бирлаштириш, манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва тренинглар ўтказиш белгиланди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошида Блогерлар ижодий кенгаши иш бошлади. Бу ҳақда 7-август куни бўлиб ўтган тадбирда маълум қилинди.
Уюшма раиси Шуҳратжон Ориповнинг таъкидлашича, бугунги кунда блогерлар анъанавий ОАВ билан бир қаторда жамоатчилик фикрини шакллантиришда фаол иштирок этмоқда ва ахборотни тезкорлик билан тарқатмоқда.
Унинг сўзларига кўра, кенгаш блогерларни бирлаштириш, уларнинг давлат ва бошқа тузилмалар билан мулоқоти учун майдон яратиш, шунингдек, касбий маҳоратини оширишга кўмаклашишни мақсад қилган.
Шуҳратжон Ориповнинг қайд этишича, бирлашма уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши, хусусан, ахборот олишда муаммолар, таҳдидлар ва босимлар юзага келган ҳолларда маслаҳат бериши ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши керак.
Кенгаш раиси этиб тилшунос, журналист ва блогер Элдор Асанов сайланди.
Блогерлар учун семинар ва тренинглар, медиасаводхонлик, ҳуқуқий ва ахлоқий билимларни ошириш ҳамда рақамли хавфсизликни ўргатиш бўйича курслар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Журналистлар уюшмасида ушбу лойиҳани “медиамаконда масъулиятли контент яратиш, соҳа вакилларининг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда очиқ ва конструктив мулоқот майдонини шакллантириш” йўлидаги қадамлардан бири деб аташди.

