Ўзбекистон Афғонистонга автомобил шиналарини экспорт қилиши мумкин
Корхона йилига 3 млн дона автомобил шинаси, 200 минг дона қишлоқ хўжалиги техникалари учун шина

Ўзбекистон Афғонистонга автомобил шиналари етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Афғонистоннинг автомобил савдоси соҳасидаги йирик тадбиркорларидан ташкил топган делегация Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган "Биринчи резинотехника заводи"га ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонлар корхонанинг замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, автомобил шиналарини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ технологик жараёни ва маҳсулот сифатини назорат қилиш тизими билан танишдилар. Завод мутасаддилари делегацияга корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва маҳсулот турлари ҳақида батафсил маълумот беришди.
Таъкидланишича, "Биринчи резинотехника заводи" Ўзбекистонда автомобил шиналари ишлаб чиқарувчи биринчи ва ягона корхона бўлиб, йилига 3 миллион дона автомобил шиналари, 200 минг дона қишлоқ хўжалиги техникаси шиналари ва 100 минг погон метр конвеер лентаси ишлаб чиқариш қувватига эга.
Учрашувда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган шиналарни Афғонистон бозорига етказиб бериш, савдо ҳамкорлигини кенгайтириш, дилерлик тармоғини ривожлантириш ва саноат кооперациясини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу ташриф икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни фаоллаштириш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги бизнес шерикликларини йўлга қўйишга хизмат қилиши қайд этилди.

