ОТМда бўш қолган ўринларга қўшимча қабул ўтказилади
Кириш имтиҳонларида минимал балл тўплаган, аммо талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларга ОТМда бўш қолган ўринлар учун қўшимча танловда иштирок этиш имконияти берилади. Улар рейтинг асосида вакант ўринларга базавий тўлов-контракт бўйича қабул қилинади.

ОТМлардаги бўш ўринларга қўшимча қабул жараёни ташкил этилади.
Ҳукуматнинг 578-сонли “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ушбу янги тартибга кўра, кириш имтиҳонларида иштирок этиб, минимал баллни тўплаган, аммо талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар бўш қолган таълим йўналишларига танловда қатнашиш имкониятига эга бўладилар.
Имтиҳон натижалари эълон қилинганидан сўнг бир ҳафта ичида абитуриентларга фанлар мажмуаси ва таълим тили мос келадиган вакант йўналишларга рўйхатдан ўтиш учун бир ҳафталик муддат берилади.
Бўш ўринларга қабул абитуриентларнинг тўплаган баллари кетма-кетлиги, яъни рейтинги асосида қатъий амалга оширилади. Талабаликка тавсия этилганлар базавий тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан шакллантирилган қайдномалар олий таълим ташкилотларида қабул бўйича тегишли буйруқларни расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Қабул тартибининг 74-бандига ҳам ўзгартиришлар киритилган бўлиб, илгари Давлат комиссияси ваколатига кирган айрим қарорларни қабул қилиш ваколати эндиликда олий таълим ташкилоти ректори ёки директорига ўтказилган.

