Маҳаллий

Ногиронлиги бўлган абитуриентларга кириш имтиҳонларида қўшимча вақт берилади

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган абитуриентларга олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида белгиланган вақтга қўшимча равишда 50 фоиз вақт ажратилади. Бу ҳақда Президентнинг 4-августдаги қарорида белгиланган.

"Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга кўра, 2027/2028-ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонлари, ногиронлиги бўлган педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва умумтаълим фанлари бўйича миллий сертификат олиш имтиҳонларида Брайл алифбоси, аудио ва электрон форматдаги имтиҳон материалларидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Қарорга мувофиқ, 2027-йил 1-майдан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни ваучер асосида таълим олишига кўмаклашувчи замонавий ассистив (ёрдамчи) жиҳозлар билан таъминлаш тизими жорий этилади.

2026/2027-ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида (ихтисослаштирилган муассасалар) ўқитиш боланинг индивидуал таълим эҳтиёжлари, функсионал имкониятлари ва ўзлаштириш даражасига мос равишда ишлаб чиқиладиган индивидуал таълим режалари асосида ташкил этилади.

2026-йил 1-сентябрдан бошлаб коррексион синф ташкил этган ҳолда умумий ўрта таълим хизматини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ушбу синфда таълим оладиган ҳар бир ўқувчи учун қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади: Тошкент шаҳрида БҲМнинг 11 баравари (4 млн 840 минг сўм), вилоятлар маркази ва Нукус шаҳрида БҲМнинг 9,5 баравари (4 млн 180 минг сўм), бошқа туман (шаҳар)ларда БҲМнинг 8,5 баравари (3 млн 740 минг сўм).

Қарорга кўра, 2026-йил 1-сентябрдан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим, ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб этиш бўйича "оилабай" ишлаш тизими ҳам жорий этилади. 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг таълим эҳтиёжларини аниқлаш ва уларни давлат таълим муассасаларига йўналтириш "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ҳузуридаги Болани комплекс баҳолаш гуруҳлари томонидан амалга оширилади. Мазкур гуруҳлар фаолияти 2026-йил 1-октябрдан Навоий ва Хоразм вилоятларида синов тариқасида йўлга қўйилади.

Шавкат Мирзиёев 3-август куни алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишган эди. Юқоридаги ўзгаришлар ушбу тақдимотда таклиф этилган бўлиб, давлат раҳбари уларни маъқуллади.

government decreeeducation reformsubsidiessocial servicesinclusive educationspecial needsdisabled studentseducational support