Маҳаллий

Ўн бир тоифадаги фуқароларга ҳаво, темирйўл ва шаҳарлараро транспортда бепул юриш ёки 50 фоизлик чегирма берилади

Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда имтиёзли транспорт хизматларидан фойдаланиш тартибини соддалаштириш ва тўлиқ рақамлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Таклифга кўра, 11 тоифадаги фуқароларга ҳаво, темирйўл ва шаҳарлараро транспортда бепул юриш ёки 50 фоизлик чегирма берилади. Бунда амалдаги қоғоз талонлардан воз кечилиб, чипта харид қилиш учун ИД карта ёки биометрик паспортни тақдим этишнинг ўзи кифоя қилади.

Қайд этилишича, фуқароларнинг имтиёзга эгалиги “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали автоматик текширилади. Бу эса қоғоз ҳужжатлар айланишини камайтириш ва имтиёзлардан фойдаланиш жараёнини соддалаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, 2027-йил 1-январдан бошлаб имтиёзли авиа, темирйўл ва шаҳарлараро автобус чипталарини “Барака” ижтимоий карта мобил иловаси орқали онлайн харид қилиш имкониятини яратиш таклиф этилди.

Ҳозирда 1941–1945-йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнащилари, уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек, Чернобил АЕСдаги авария оқибатларини бартараф этишда қатнашган 48,4 мингдан ортиқ фуқаро транспорт имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. 2025-йил давомида улар мазкур хизматлардан 1,7 миллион марта фойдаланган.

Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, янги хизматларни ҳудудларда сифатли йўлга қўйиш ҳамда белгиланган чора-тадбирлар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.

Ушбу йиғилишда ногиронлиги бўлган болаларнинг яшаш жойига яқин ҳудудда таълим олишини таъминлаш мақсадида коррексион синфлар ташкил этган нодавлат мактабларга ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратиш ҳам таклиф этилганди. Бундан ташқари, ҳар йили камида 50 та мактабнинг инклюзив таълим муҳитини яхшилашга қаратилган ташаббуслари грант асосида молиялаштирилади.

transport imtiyozlarinogiron bolalar"baraka" ijtimoiy kartataʼlimsubsidiyalarshavkat mirziyoyevijtimoiy himoyaraqamlashtirish