Маҳаллий

Шавкат Мирзиёев темирйўл транспорти соҳаси ходимларини касб байрами билан табриклади

Шавкат Мирзиёев темирйўл транспорти соҳаси ходимларини касб байрами билан табриклади. Президент ўз табригида темирйўлчиларнинг Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини ошириш, транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш ва халқ фаровонлигини юксалтиришдаги хизматларини алоҳида эътироф этди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда 2,4 минг километрдан ортиқ янги темирйўл тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Шунингдек, 3 минг километрдан зиёд йўллар электрлаштирилган ва 1,1 минг километрдан ортиғи таъмирланган.

Президент Самарқанд—Ургут, Байтқўрғон—Паркент ҳамда Урганч халқаро аеропорти–Хива темир йўл тармоқлари барпо этилганини, Навоий—Бухоро участкасининг иккинчи электрлаштирилган линияси ишга туширилганини ва қатор истиқболли йўналишларда қурилиш ишлари давом этаётганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли қурилиши ҳамда Афғонистон билан темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт ва транзит маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаётганини қайд этди.

Бундан ташқари, Жанубий Кореянинг Ҳюндаи Ротем компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Жалолиддин Мангуберди” номли янги юқори тезликдаги электропоезд Тошкент—Хива—Тошкент йўналишида ишга туширилгани эслатиб ўтилди.

Президент яқин йилларда юзлаб замонавий йўловчи вагонлари ва юқори технологияли поездлар харид қилиш, темир йўл инфратузилмасини янада кенгайтириш ҳамда хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш режалаштирилганини маълум қилди.

“Биз сизлар каби минглаб заҳматкаш темирйўлчилар билан, сизларнинг касбий маҳоратингиз, бой билим ва тажрибангиз, ватанпарварлик фазилатларингиз билан бундай юксак марраларга албатта эришамиз”, дейилади табрик матнида.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал, 30-июл куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Халқлар дўстлиги куни билан табриклаган эди. Давлат раҳбари ўз табригида Ўзбекистон доимо тинч ва барқарор бўлишини, биргаликдаги фидокорона меҳнат билан янада гуллаб-яшнашини тилаган.

uzbekistaninfrastructure developmentinternational cooperationhigh-speed trainsnational holidayshavkat mirziyoyeveconomic developmentrailway transport