Олмаотада инсултга чалинган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ишлаб юрган вақтда инсултга чалинган Ўзбекистон фуқароси Бош консулхона кўмагида ватанга қайтарилди. Дипломатик ваколатхона унга ҳужжатларни расмийлаштириш, авиачипта харид қилиш ва мамлакатдан қонуний чиқиб кетишида амалий ёрдам кўрсатди.

Инсултга учраган Ўзбекистон фуқароси Олмаотадан ватанига қайтарилди.
Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси кўмагида Қозоғистонда ишлаётган вақтида инсултга чалинган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди.
Маълумотларга кўра, фуқаронинг мурожаати ва соғлиғи ҳолати инобатга олиниб, Бош консулхона томонидан унга Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган. Шунингдек, Олмаота–Тошкент йўналиши бўйича авиачипта сотиб олишда ҳам амалий ёрдам кўрсатилган.
Қозоғистоннинг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва миграция органлари билан ҳамкорликда фуқаронинг мамлакат ҳудудидан қонунчилик талабларига мувофиқ чиқиб кетиши таъминланган.
Шу билан бирга, ушбу масалани ҳал этиш жараёнида Ўзбекистон фуқаросини вақтинча яшаш жойи, кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлаш, ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда бошқа ижтимоий-маиший масалаларда беғараз ёрдам кўрсатган Қозоғистон фуқаросига Бош консулхона номидан миннатдорлик билдирилди.
Таъкидланишича, дипломатик ваколатхона хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларга тезкор консуллик ёрдамини кўрсатиш бўйича ишларни изчил давом эттиради.

