Ўзбекистонлик она ва фарзанди Владивостокдан Ватанга қайтарилди
Россиянинг Владивосток шаҳрида оғир ижтимоий аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароси ва унинг вояга етмаган фарзанди мамлакатимизнинг Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди.

Ўзбекистон фуқароси бўлган она ва унинг фарзанди Владивостокдан Ўзбекистонга қайтарилди.
Хабарларга кўра, Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига мурожаат қилган фуқаро вақтинчалик яшаш жойи ва моддий маблағи тугаганини маълум қилиб, ватанга қайтишда амалий ёрдам сўраган.
Шундан сўнг, дипломатик ваколатхона Миграция агентлиги билан ҳамкорликда зарур ташкилий ва консуллик чораларини кўрди. Фуқаронинг ижтимоий аҳволи инобатга олиниб, Миграция агентлиги жамғармаси ҳисобидан улар учун "Владивосток – Тошкент" йўналиши бўйича авиачипталар сотиб олинди.
Барча керакли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кузатув ишлари якунлангач, она ва фарзанднинг Владивостокдан жўнаб кетиши ташкил этилди.
Натижада, фуқаролар соғ-саломат Ўзбекистонга қайтарилди.

