ОАВ: Россия Европадаги мудофаа саноати раҳбарларига қарши ҳужумлар тайёрлаган
Германиянинг Дие Зеит нашри суриштирувига кўра, Россия махсус хизматлари Украинага дронлар етказиб берувчи Германиянинг Донаустаҳл мудофаа стартапи раҳбари Штефан Туманнга қарши суиқасд тайёрлаган бўлиши мумкин. Нашрга кўра, тергов ҳозирча жосусликка оид айбловлар билан чекланган, бироқ эҳтимолий суиқасд версияси ҳам ўрганилмоқда.

ОАВ хабарларига кўра, Россия Европадаги мудофаа саноати етакчиларига қарши ҳужумлар уюштиришга тайёргарлик кўрган.
Германиянинг Дие Зеит газетаси томонидан ўтказилган суриштирувга кўра, Россия махсус хизматлари Баварияда жойлашган Донаустаҳл мудофаа стартапи раҳбари Штефан Туманнга суиқасд уюштиришни режалаштирган бўлиши мумкин. Ушбу компания Украинага разведка дронлари ва камикадзе туридаги учувчисиз учиш аппаратларини етказиб беради.
Нашр маълумотларига кўра, Германия махсус хизматлари 2025-йил декабр ойида хорижий разведка идораларидан бири орқали Туманнга нисбатан юқори хавф мавжудлиги ҳақида огоҳлантириш олган.
Кейинчалик, Бавария полицияси Сергей Н. исмли шахсни Туманннинг Штрасскирхендаги уйи атрофида видеотасвирга олаётган вақтда қўлга олган. Унинг телефонлари мусодара қилинган бўлса-да, полиция маълумотларни ўз вақтида таҳлил қила олмагани сабабли гумонланувчи озод қилинган.
Орадан вақт ўтиб, Сергей Н. Россия махсус хизмати билан алоқада бўлгани ва Туманннинг отасини ҳам кузатгани маълум бўлган. Бу вақтга келиб у оиласи билан Испанияга кетган, кузатувни эса Германиянинг Шимолий Рейн–Вестфалия федерал ерида яшаган Руминия фуқароси Алла С. давом эттирган.
2026-йил март ойида Сергей Н. ва Алла С. Россия фойдасига жосуслик қилганлик гумони билан қўлга олинган. Бироқ, Дие Зеит таъкидлашича, уларга нисбатан чиқарилган ҳибс ордерига суиқасд тайёрлаш айблови киритилмаган. Терговчилар уларни интернет орқали пул эвазига ёлланган, диверсия ва жосуслик ишларига жалб қилинадиган «бир марталик агентлар» деб ҳисобламоқда. Нашрга кўра, эҳтимолий суиқасдни бошқа шахслар амалга ошириши режалаштирилган бўлиши мумкин.
Ҳозирда Штефан Туманн кучайтирилган давлат қўриқлови остида. У хавфсизлик нуқтаи назаридан қаерда эканини ошкор қилмайди ва оммавий тадбирларда иштирок этмайди.
Дие Зеит яна бир Германия мудофаа компанияси ҳам Россия махсус хизматлари эътиборида бўлиши мумкинлигини ёзади. Нашр эслашича, июн ойи бошида Сербия–Венгрия чегарасида портловчи моддалар учун махфий жойлар тайёрланган юк машинаси тўхтатилган. Ҳайдовчилар телефонларидан Россия махсус хизмати вакиллари билан алоқалар аниқланган. Нашрнинг ёзишича, юк машинаси йўналиши Бавария бўлган. Бу ҳудудда Донаустаҳл билан бир қаторда Қуантум Сйстемс ва Ҳелсинг каби мудофаа стартаплари ҳам фаолият юритади.
Газета, шунингдек, 2024-йил июл ойида СНН АҚШ ва Германия махсус хизматлари Рҳеинметалл консерни раҳбари Армин Паппергерга қарши режалаштирилган суиқасднинг олди олингани ҳақида хабар берганини эслатади. Ўшанда манбалар Кремл Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатаётган Европа мудофаа саноати раҳбарларига қарши бир қатор суиқасдлар тайёрлаганини билдирган эди.

