Сиёсат

ФТ: АҚШ ва Франсия Украинага нишон танлашда ёрдам берган

АҚШ ва Франсиянинг разведка маълумотлари Украинага Россия ҳудуди ичидаги муҳим ҳарбий ва энергетика объектларини аниқлаш ҳамда уларга дронлар орқали зарба беришни самаралироқ режалаштиришга ёрдам берган. Бу ҳақда украиналик ҳарбий манбаларга таяниб, Финансиал Тимес нашри хабар қилди.

ФТ: АҚШ ва Франсия Украинага нишон танлашда ёрдам берган

АҚШ ва Франсия томонидан тақдим этилган разведка маълумотлари Украина Қуролли кучларига Россия ҳудудидаги нишонларни танлашда ва уларга узоқ масофадан зарба бериш операцияларини аниқроқ режалаштиришда ёрдам берди. Бу ҳақда Финансиал Тимес (ФТ) украиналик ҳарбийлар билан суҳбатлар ва сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ ва Франсиядан олинган маълумотлар асосида украиналик режалаштирувчилар Россиянинг энергетика тизими бўйича батафсил харита тузган. Унда бутун тизим фаолияти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган муҳим тугунлар аниқланган. Манбанинг айтишича, айнан шу нуқталарга зарба берилиши йирик ҳудудларда электр таъминотининг издан чиқишига олиб келиши мумкин.

Украина Қуролли кучларидаги манбалардан бирига кўра, дронлар энди нафақат стратегик объектларга, балки тезда алмаштириш қийин бўлган ускуналарга ҳам йўналтирилмоқда. Бу эса олдиндан ишлаб чиқилган ва мувофиқлаштирилган стратегиянинг бир қисми ҳисобланади.

Финансиал Тимес таҳлилига кўра, Украина учувчисиз тизимлари бир қатор ҳолатларда бир хил объектларга такроран зарба бермоқда. Бунда мақсад таъмирлаш ишлари якунланмасидан аввал яна ҳужум қилиб, объектларнинг ишини қайта тиклашга йўл қўймасликдан иборат.

Нашрнинг ёзишича, ғарб разведкаси томонидан тақдим этилган маълумотлар Украинага Россия ҳаво мудофааси тизимларининг жойлашувини ҳам аниқлаш имконини берган. Шу асосда дронлар учун ҳаво ҳимоясини четлаб ўтувчи маршрутлар ишлаб чиқилган ва уларнинг Россия ҳудуди ичкарисидаги нишонларга етиб бориш самарадорлиги оширилган.

Сўнгги кунларда Украина дронлари Россиянинг бир қатор энергетика объектларига ҳужум қилди. Хусусан, 20-июл куни Москва вилоятининг Подолск шаҳридаги нефт базаси нишонга олинган бўлса, 25-июл куни аввал ҳам дронлар ҳужумига учраган Тюмен нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилган.

Нашр таъкидлашича, ушбу ҳужумлар фонида Россия ҳудудларидаги маҳаллий ҳокимиятлар ҳамда йирик энергетика компаниялари, жумладан, "Газпром", муҳим инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтирмоқда. Бу мақсадда пикап автомобилларига ўрнатилган пулемётлар билан жиҳозланган мобил ўт очиш гуруҳлари ташкил этилмоқда.

air defensemilitary strategyfrance intelligenceukrainerussiadrone attacksus intelligenceenergy infrastructure