Маҳаллий

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими фахрий унвони таъсис этилиши мумкин

Ўзбекистонда "Хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими" фахрий унвони таъсис этилиши мумкин. Бу ҳақда Сенатнинг 8-августдаги ялпи мажлисида маъқулланган "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида"ги қонунда белгиланган.

Мажлисда таъкидланишича, коммунал хўжалиги соҳаси мустақил тармоқ сифатида жадал ривожланаётган бўлса-да, бу соҳада кўп йиллик самарали меҳнат қилаётган ходимларни давлат даражасида рағбатлантириш тизимини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш зарурати юзага келган. Шу сабабли амалдаги "Ўзбекистон Республикасида коммунал, маиший ва савдо соҳасида хизмат кўрсатган ходим" фахрий унвони ўрнига "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими" фахрий унвони таъсис этилмоқда.

Қонунга кўра, ушбу фахрий унвон коммунал хўжалиги соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган, кўп йиллик самарали меҳнати, юксак касбий маҳорати, ташаббускорлиги ва фидокорлиги билан аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини оширишга алоҳида ҳисса қўшган ходимларга берилади.

Шунингдек, қонун билан янги фахрий унвон кўкрак нишонининг тавсифи ҳам тасдиқланмоқда. Унда коммунал хўжалиги соҳасининг ўзига хос хусусиятларини ифодаловчи рамзлар акс эттирилган бўлиб, бу давлат мукофотининг мазмун-моҳиятини янада бойитишга хизмат қилади.

Қонунчилик палатасининг 1-июндаги мажлисида қурилиш ва уй-жой коммунал хо'жалиги вазирининг ўринбосари Озода Жўраева коммунал хўжалиги соҳаси ходимлари кеча-ю кундуз, дам олиш ва байрам кунларида ҳам аҳолига хизмат қилишини, авариялар, табиий офатлар ёки фавқулодда ҳолатларда ҳам улар биринчи бўлиб муаммони бартараф этишга киришишини таъкидлаганди. Улар кўпинча оғир меҳнат шароитида ишлашини, шунга қарамай, ўз вазифасига садоқат билан ёндашишини, бу меҳнат доимо ҳам етарлича эътироф этилмаслигини айтганди.

Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши коммунал хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган ходимларнинг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш ҳамда уларнинг касбий нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда кўп қаватли уйларда хизмат кўрсатувчи бошқарув органларида 19 минг нафар, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларида 25 мингдан ортиқ ходим, сув таъминоти ташкилотларида 31 миллион нафар аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш учун 10 миллион метр куб сутка қувватига эга бўлган 11 435 та иншоот, 1390 та сув тақсимлаш узели ва 108 минг километр тармоқларни доимий ишлаши учун 27 минг нафар, 761 мингдан зиёд хонадонли 16 610 та кўп квартирали уй ва 2543 та ижтимоий соҳа обьектини марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминловчи 560 та қозонхонада 4000 километр иссиқлик тармоқларини самарали ишлаши учун 7000 нафар ходим меҳнат қилиб келмоқда.

employee recognitionuzbekistanlegislationpublic utilitiescommunal serviceshonorary titlesenateprofessional prestige