Навоийда сунъий интеллект орқали “ободонлаштирилган” маҳалла расмлари бўйича ҳокимлик изоҳ берди

Навоий шаҳар ҳокимлиги сунъий интеллект ёрдамида "ободонлаштирилган" маҳалла суратлари бўйича изоҳ берди.
Навоий шаҳридаги "Ҳаёт" маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишларига оид суратларда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилгани ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлди. Бу ҳақда Навоий шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, ижтимоий тармоқлар учун материалларни тайёрлаш ва жойлаштириш жараёнида масъул ходимлар эътиборсизликка йўл қўйган. Маҳалла ҳудудидаги ўзгаришларни янада кўргазмали ва сифатлироқ форматда тақдим этиш мақсадида дизайн жараёнида сунъий интеллект элементларидан фойдаланилган ва ушбу материаллар текширувдан ўтказилмасдан эълон қилинган.
Ҳокимлик ушбу ҳолат ва жамоатчиликда юзага келган ўринли эътирозлар учун узр сўраб, материалларни тайёрлашга масъул бўлган ходимлар огоҳлантирилганини билдирди.
Қайд этилишича, "Ҳаёт" маҳалласида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича ҳақиқатда ҳам бир қатор амалий ишлар бажарилган. Натижалар сунъий эмас, балки реал эканлигини кўрсатиш мақсадида расмий муносабатга ҳудуднинг бугунги кундаги ҳақиқий (ишлов берилмаган) фото ва видео лавҳалари илова қилинган.
Фото: Навоий шаҳар ҳокимлиги
Фото: Навоий шаҳар ҳокимлиги
Аввалроқ Чинозда ҳудуди обод қилинмаган маҳаллаларни "шармандали маҳалла" деб белгилаш бошлангани хабар қилинганди. Туман ҳокими Шерзод Солиҳов ҳудуднинг кўзга кўринадиган жойига "шармандали маҳалла" деган ёзув ўрнатишни топширган.

