Чинозда ҳудуди обод қилинмаган маҳаллаларни “шармандали маҳалла” деб белгилаш бошланди

Чиноз туманида ободонлаштирилмаган маҳаллаларни "шармандали маҳалла" деб аташ амалиёти бошланди.
Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги Бирлик маҳалласи ободонлаштириш ишлари қониқарсизлиги сабабли рамзий ма'нода "Шармандали маҳалла" деб э'лон қилинди. Туман ҳокими Шерзод Солиҳов ушбу ҳудуднинг кўзга кўринадиган жойига "Шармандали маҳалла" ёзувини ўрнатишни буюрди.
Чиноз тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, таянч маҳалла сифатида белгиланган "Бирлик"да амалга оширилаётган ишлар танқидий ва таҳлилий руҳда муҳокама қилинган. Йиғилишда туман ҳокими вилоят ҳокимининг топшириғи билан йўл бўйида жойлашган "Бирлик" маҳалласи таянч маҳалла этиб танланганини та'кидлади. Бироқ ўрганишлар давомида маҳаллада гул ва райҳон экилмагани, ўтлар ўрилмагани ҳамда ўрилган ўтлар ҳудуддан олиб чиқилмагани аниқланган.
Муҳокамалар натижасида ҳудуддаги ободонлаштириш, санитария ҳолати, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва белгиланган вазифалар ижроси қониқарсиз деб баҳоланди. Мас'улларнинг фаолияти кескин танқид остига олинди. Шундан сўнг туман ҳокими "Бирлик" маҳалласини рамзий ма'нода "Шармандали маҳалла" деб э'лон қилиб, ушбу ёзувни кўзга кўринадиган жойга ўрнатишни топширди. Шунингдек, маҳаллаларга бириктирилган корхона ва ташкилотлар раҳбарларига ҳудудларни шахсан назорат қилиш, ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш ва бажарилган ишлар юзасидан фотоҳисобот тақдим этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Туман ҳокимлиги хабарида қайд этилишича, йиғилиш якунида маҳалладаги мавжуд камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, ишлар самарадорлигини ошириш ва белгиланган топшириқлар ижросини та'минлаш бўйича мас'улларга қат'ий вазифалар юклатилган. Видеотасвирда ҳоким камчиликларни ўз вақтида бартараф этмаган айрим хонадонларга "Уятли хонадон" деган ёзув осилиши мумкинлигини ҳам айтган. Ҳар бир раҳбар ўзига юклатилган мас'улиятни чуқур ҳис этиб, аҳоли манфаатига хизмат қиладиган амалий натижаларни та'минлаши лозимлиги та'кидланди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов фуқаронинг хонадонига кириб, яшаш шароитини танқид қилгани ва унга нисбатан жарима қўллашни буюргани акс этган видео тарқалган эди. Шундан сўнг туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан "Дарё"га муносабат билдириб, ҳоким аслида ногиронлиги бўлган кекса фуқаронинг хонадонига бормоқчи бўлгани, бироқ маҳалла раиси янглиш равишда қўшни уйни кўрсатгани сабабли бошқа хонадонга кирилганини ма'лум қилган. Коррупсияга қарши курашиш агентлиги Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов фуқаронинг уйига кириб бориб, хонадон санитария ҳолатини танқид қилгани ва жарима солишни буюргани акс этган видео юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тақдимнома киритган.

