Навоийда 2 килограмм опий билан кетаётган хорижлик ушланди
Навоий вилоятининг Конимех туманида ўтказилган тезкор тадбирда Қозоғистон фуқаросидан 2 килограмм 87 грамм опий мусодара қилинди. Тергов маълумотларига кўра, у гиёҳвандлик воситасини наркокурерлар томонидан яшириб қолдирилган хуфия жойдан олиб кетаётган бўлган.

Навоийда 2 килограммдан ортиқ опий билан кетаётган хорижлик қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона идоралари ходимлари Навоий вилоятида ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир натижасида катта миқдордаги гиёҳванд модда мусодара қилинди.
Хабарга кўра, Конимех тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Собалт русумли автомашина тўхтатилиб, текширилган. Текширув давомида автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, 2002-йилда туғилган Қозоғистон фуқаросига тегишли селлофан пакетдан 2 килограмм 87 грамм "опий" гиёҳвандлик воситаси топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, ушбу гиёҳванд модда аввалроқ наркокурерлар томонидан қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилиб, яширин жойга беркитилган. Қозоғистон фуқароси эса уни айнан шу ердан олиб кетаётган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқаролардан гиёҳвандлик воситалари муомаласи ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришларини сўради. Идора маълумотига кўра, мурожаат этувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

