Фарғонада опа-ука наркосавдогарлар қўлга олинди

Фарғона вилоятининг Бувайда туманида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиб келган опа-ука қўлга олинди. Бу ҳақда “Миллар” информацион дастури маълум қилди.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, аввал Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми билан судланган аёл, ўз укасига 1 килограмм 50 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини юбораётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. У ушбу моддани ўзларига таниш бўлган наркокурьер орқали етказиб беришга уринган.
Суриштирувлар давомида опа ва ука жиноий шерик эканлиги ҳамда улар аввал ҳам Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан судлангани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда синтетик гиёҳванд моддаларни тарқатиб келган 44 нафар “закладчик” ушланган эди. Бошқа бир ҳолатда эса Россиядан Ўзбекистонга шоколадлар ниқоби остида наркотик юборилгани аниқланганди.

