Маҳаллий

Наманган шаҳри собиқ ҳокими 11 йилга озодликдан маҳрум этилди

У 60 минг доллар пора олишда гумонланиб ушланганди.

Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти судлари хабар берди.

Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг 2026-йил 7-августдаги ҳукмига кўра, 1972-йилда туғилган Анвар Отахўжаев, Наманган шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган вақтида, Жиноят кодексининг бир қатор моддалари бўйича айбдор деб топилди. Хусусан, унга 167-модда 3-қисми “а” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-модда 3-қисми “в” банди (фирибгарлик), 205-модда 2-қисми “а” банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-модда 2-қисми “а” банди (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 207-модда 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш), 209-модда 2-қисми “а” банди (мансаб сохтакорлиги) ва 210-модда 3-қисми “а” бандида (пора олиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганлик айби қўйилди.

Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисми тартибида, мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан 3 йил муддатга маҳрум қилган ҳолда, жами 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят иши бўйича яна 3 нафар судланувчига 7 йилдан 10,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2 нафарига 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда 1 нафар судланувчига 3 йилга озодликни чеклаш жазолари белгиланди.

Биринчи инстансия судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судига апеллясия/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқига эгалиги маълум қилинади.

Анвар Отахўжаев 2025-йил сентябр ойида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган эди. У 60 минг доллар миқдорида пора олишда гумонланиб ҳибсга олинган. Отахўжаев Наманган шаҳар ҳокими лавозимига 2023-йил декабр ойида тайинланган эди.

jinoyatsudnamanganqamoq jazosiporaxo‘rlikkorrupsiyasobiq hokimanvar otaxo'jayev