Сурхондарёда 11 ёшли ўғлини 40 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл 3,5 йилга қамалди
Сурхондарёда иқтисодий қийинчиликни важ қилиб, 11 ёшли ўғлини 40 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл судланди. У келишилган пулнинг 20 млн сўмини олаётганида ушланган. Суд уни одам савдосида айбдор деб топиб, 3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилди.

Сурхондарё вилоятида ўзининг 11 ёшли ўғлини 40 миллион сўмга сотишга уринган аёлга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди ва у 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилган.
Маълумотларга кўра, 1993-йилда туғилган аёл 2014-йил 14-октабрда туғилган вояга етмаган ўғлини сотиш орқали моддий манфаат кўриш ва даромад топишни мақсад қилган.
2026-йил 4-апрел куни у келишилган 40 миллион сўмнинг 20 миллион сўмини олаётган вақтда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Судда аёл ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. У жиноятни иқтисодий қийинчиликлар, жумладан, қарздорлиги, яшаш учун уй-жойи йўқлиги ҳамда турмуш ўртоғидан ажрашгани сабабли содир этганини айтган. Шунингдек, ўзи фарзандларига муносиб шароит яратиб бера олмагани учун уларнинг яхши яшашини ўйлаб шу ишга қўл урганини ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини билдирган.
Судланувчи, шунингдек, қарамоғида яна икки нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, иш юзасидан адолатли қарор қабул қилишни сўраган.
Суд ҳукмига кўра, аёл Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “б” банди (18 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси) билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Аввалроқ Фарғона шаҳрида чақалоғини сотишга уринганликда айбланган эр-хотинга нисбатан 5 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

