Сирдарёда 10 ёшли фарзандини урган аёл 3 суткага қамалди

Сирдарё вилоятида 10 ёшли ўғлини мактаб тўгарагига бормагани учун кийим илгич билан уриб, унга енгил тан жароҳати етказган аёл 3 суткага қамалди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида маълум қилинди.
Хабарда айтилишича, аёл 10 ёшли фарзандининг мактаб тўгарагига бормай, кўчада ўйнаб юрганидан ғазабланган. Шундан сўнг у қўлидаги кийим илгич билан боланинг боши ва танасининг бошқа қисмларига бир неча марта урган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, бола соғлиғининг қисқа муддат бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати олган.
Жабрланувчининг қонуний вакили, яъни боланинг отаси воқеадан ўша куни ишдан қайтгач хабар топганини билдирган. У турмуш ўртоғига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, оила тинчлигини сақлаб қолишни исташини айтиб, суддан унга нисбатан енгиллик қўллашни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Сардоба тумани судининг қарори билан аёл Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, аёлга келгусида шу каби ҳолатлар такрорланса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Аввалроқ Сирдарёда аёл ўғли билан уришган болани уриб, унга енгил тан жароҳати етказгани учун қонуний чора кўрилганди. Тошкент вилоятида онаси томонидан аёвсиз калтакланган 4 ёшли қиз шифохонада вафот этгани маълум бўлганди. Наманганда эса васийлигидаги икки болага зўравонлик қилган аёл икки йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилиниб, болалар бошқа оилавий болалар уйига жойлаштирилганди.

