Маҳаллий

Сирдарёда шилқимликка учраган қиз жаримага тортилганди. Апелляцияда бу ҳукм бекор қилинди

Сирдарёда собиқ мураббийининг шаҳвоний шилқимлиги вақтида ўзини ҳимоя қилиш учун бақирган 18 ёшли қиз майда безориликда айбланиб, жаримага тортилганди. Унга шилқимлик қилган шахс эса беш суткага қамалганди. Воқеа жамоатчиликка олиб чиқилгач, апелляция суди жабрланувчига солинган жаримани бекор қилди.

Сирдарё вилояти судининг апелляция инстансияси шилқимликка учраган 18 ёшли қизга нисбатан қўлланилган маъмурий жавобгарлик ҳақидаги қарорни бекор қилди. Бу ҳақда вилоят судлари матбуот хизмати маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судининг 2026-йил 28-июлдаги қарорига кўра, 18 ёшли Г. И. майда безорилик содир этган деб топилиб, унга БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима солинган эди.

3-август куни Сирдарё вилояти судининг апелляция инстансиясида Г. I.ning шикояти асосида ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик иши қайта кўриб чиқилди ва биринчи инстансия судининг қарори бекор қилинди.

Г. I.ning ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик ҳодисаси мавжуд эмаслиги сабабли, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишнинг унга тегишли қисми Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-қисмига асосан тугатилди.

Шунингдек, Сирдарё вилояти судининг апелляция инстансияси томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича суриштирув ҳаракатларини амалга оширган ички ишлар органи профилактика инспектори ҳамда жиноят ишлари бўйича Сайхунобод туман судининг тергов судясига нисбатан тегишли тақдимномалар киритилди.

**Собиқ мураббийнинг шилқимлиги**

Аввалроқ зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси ушбу воқеа ҳақида ёзган эди. Хабарда келтирилишича, 26 ёшли С. Ҳ. маҳаллий спорт мактабида мураббий-ўқитувчи бўлиб ишлаган, жабрланувчи Г. И. эса унинг собиқ шогирди бўлган.

Ҳодиса 17-июл куни, қиз 18 ёшга тўлганидан тахминан икки ҳафта ўтгач содир бўлган. Собиқ мураббий уни боғда учратиб, жинсий алоқа қилишни таклиф этган ва шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этган.

С. Ҳ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмига мувофиқ шаҳвоний шилқимлик содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Қизга нисбатан ҳам маъмурий баённома расмийлаштирилган. Сайхунобод тумани жиноят ишлари бўйича судининг 28-июлдаги қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик) бўйича айбдор деб топилиб, БҲМнинг уч баравари миқдорида (1 млн 236 минг сўм) жаримага тортилган.

Nemolchi.uz лойиҳаси мазкур қарорни танқид қилиб, "Жим бўл ва чида. Тизим мураббийнинг шилқимлигидан ҳимояланишга урингани учун 18 ёшли қизни жазолади" сарлавҳали пост эълон қилган эди:

"Савол туғилади: у айнан кимнинг осойишталигини бузди - қизга шилқимлик қилинаётганини эшитган йўловчиларнингми ёки ишини охирига етказа олмаган мураббийнинг ўзиними?

Махсус қамоқдаги беш сутка давлат учун ўн саккиз ёшли қизга ўзини ҳимоя қилгани учун тўлатиладиган суммадан кўра арзонроққа тушади. Шилқимлик қилиш катта ёшдаги эркак бир неча кунлик рамзий жазони ўтайдиган ҳуқуқбузарлик бўлиб чиқади, ўзини ҳимоя қилишга уриниш эса - бақириш, ғазаб, жим турмаслик - жамоат тартибини бузиш деб баҳоланади ва жабрланувчи томонидан пул компенсациясини талаб қилади.

Севара дахлсизлик ҳуқуқи тан олиниши ўрнига қарши айбловга дуч келди ва энди шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолган ҳар қандай аёл-қиз биладики: ёрдам сўраб бақириш унга қимматга тушиши мумкин".

uzbekistanfinecourt decisionappealsexual harassmentvictim blamingnemolchi.uzjustice system