Маҳаллий

Наманганда 22 ёшли йигит дарёга чўкиб кетди

Ғаввослар уни излаш жараёнида сувга чўкиб ҳалок бўлган бошқа бир фуқаро жасадини топишди. Вилоят ФВБ ҳозирги вақтда қутқарувчилар чўмилиш тақиқланган жойларда чўкиб кетган бир нечта фуқарони қидираётганини маълум қилди.

Наманганда 22 ёшли йигит Сирдарёга чўкиб кетганидан сўнг уни қидириш ишлари олиб борилаётган вақтда бошқа бир фуқаронинг жасади топилди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) маълум қилди.

Хабарга кўра, 2026-йил 26-июл куни тушда 112 қисқа рақамига Наманган шаҳрида яшовчи 22 ёшли йигит Наманган тумани Шўрқўрғон маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарёга тушиб кетгани ҳақида мурожаат келиб тушган.

Шундан сўнг Наманган вилояти ФВБ махсус қутқарув отрядининг сувда қутқарув гуруҳи ғаввослари томонидан қидирув-қутқарув ишлари бошлаб юборилган. 27-июл куни дарёдан бошқа бир фуқаронинг жасади топилган.

ФВБнинг таъкидлашича, жорий мавсумда чўмилиш тақиқланган жойларда чўмилиш оқибатида бир неча фуқаро ҳалок бўлган. Ҳозирда ҳам чўмилиш тақиқланган ҳудудларда чўкиб кетган икки нафардан ортиқ фуқарони қидириш ишлари давом этмоқда.

Бошқарма ота-оналардан фарзандларини назорациз сувга тушишига йўл қўймасликни сўраган.

Аввалроқ Жиззахдаги сунъий ҳовузда уч нафар қиз чўкиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.

uzbekistansearch and rescuefatalitiessirdaryo riverswimming banpublic safetynamangandrowning