Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари “Боку” меҳмонхонаси очилишида иштирок этди

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Норасмий маслаҳат учрашуви доирасида, Иссиқкўл қирғоғида қурилган янги беш юлдузли “Боку” меҳмонхонасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Ушбу маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этишди.
Давлат раҳбарлари меҳмонхона мажмуасида яратилган замонавий шароитлар билан танишиб чиқдилар. Таъкидланишича, ушбу мажмуа дам олиш ва халқаро тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган.
“Боку” меҳмонхонаси 17,2 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, унинг умумий майдони қарийб 30 минг квадрат метрни ташкил этади. Мажмуа 120 дан ортиқ хонага эга етти қаватли бино, шунингдек, бассейн, аквапарк, спорт ва кўнгилочар инфратузилмани ўз ичига олади.

