Магнус Карлсен ва дунёнинг бошқа етакчи шахматчилари Самарқанддаги олимпиадани ўтказиб юборади

Магнус Карлсен ва бошқа етакчи шахматчилар Самарқанддаги олимпиадада қатнашмайди.
Дунёнинг биринчи рақамли шахматчиси Магнус Карлсен ҳамда бир қатор таниқли гроссмейстерлар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иштирок этмаслигини маълум қилди.
Магнус Карлсен Норвегия терма жамоаси таркибида мусобақада қатнашмаслигини расман тасдиқлади. Шунингдек, баҳор ойларида жамоа рўйхатига киритилган Арян Тари ва Жон Лудвиг Ҳаммер ҳам турнирда иштирок этишдан бош тортган. Натижада, уч нафар етакчи шахматчисиз қолган Норвегия терма жамоаси мусобақанинг бошланғич жадвалида 21-ўринга тушиб кетди.
Самарқанддаги нуфузли мусобақани фақат норвегияликлар эмас, балки бошқа бир қатор терма жамоаларнинг етакчи вакиллари ҳам ўтказиб юборади. Бошқа терма жамоалардаги асосий йўқотишлар рўйхати қуйидагича:
* **Франсия**: Алиреза Фирузжа;
* **АҚШ**: Ҳикару Накамура, Леньер Домингес;
* **Эрон**: Парҳам Магҳсудлу, Пуя Идани;
* **Озарбайжон**: Теймур Ражабов;
* **Англия**: Девид Ҳоуелл;
* **Полша**: Радослав Войташек;
* **Руминия**: Кирилл Шевченко.
Маълумот учун, Самарқандда ўтадиган 2026-йилги олимпиадада жами 400 та — очиқ турнирда 208 та ва аёллар ўртасидаги мусобақада 192 та жамоа иштирок этиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич мусобақа тарихидаги мутлақ янги рекорд ҳисобланади. Тадбирнинг очилиш маросими 15-сентябр куни бўлиб ўтади, 16-сентябрдан 27-сентябргача эса иштирокчилар классик вақт назорати остида Швейсарча тизим бўйича 11 тур доирасида ўзаро баҳс олиб борадилар.

