Литванинг Киевдаги элчихонаси Россия ракета ҳужумида зарар кўрди

**Киевдаги Литва элчихонаси Россия ракета ҳужумидан зарар кўрди**
1-августга ўтар кечаси Россия томонидан Киевга уюштирилган ракета ҳужуми натижасида Литванинг Киевдаги элчихонаси биносига зарар етди. Бу ҳақда Реутерс агентлиги Литва Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.
Вазирлик вакилининг маълум қилишича, элчихона яқинига иккита ракета тушган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган бўлса-да, элчихона ойналари синган, қуёш коллекторлари шикастланган ва ҳовлига портлашдан ҳосил бўлган парчалар сочилиб кетган.
Литва ташқи ишлар вазири Кестутис Будриснинг сўзларига кўра, ракеталардан бири элчихонадан 10 метр, иккинчиси эса 150 метр масофага тушган.
Будрис ўзининг видеомурожаатида шундай деди: “Бугун биз эътироз билдириш учун Россия элчихонаси вакилини чақирамиз. Бу ақлсизлик ва Украинага қарши тажовузни тўхтатмаслигини биламиз. Буни тўхтатиши мумкин бўлган нарса — Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш, унинг барқарорлигини ошириш ва Россия ниҳоят музокаралар столига ўтириши учун санксиялар орқали унга босимни кучайтиришдир”.
**Россия кучлари Киевга ҳаводан зарба берди**
1-августга ўтар кечаси Россия кучлари Киевга ҳаводан зарба берди. Киев мери Виталий Кличконинг маълум қилишича, ҳужум баллистик ракеталар ёрдамида амалга оширилган. Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати хабарига кўра, зарба оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлган. Улардан етти нафари Киевнинг жануби-шарқидаги Дарницкий туманида, икки нафари эса шаҳар ғарбидаги Соломенске туманида қурбон бўлган.
Виталий Кличко яраланганлар сони 30 кишидан ошганини ва улардан 17 нафари касалхонага ётқизилганини билдирди. Умумий ҳисобда шаҳарнинг бешта туманида ракеталар зарбаси ва вайронагарчиликлар қайд этилган. Россия Мудофаа вазирлиги эса ҳужумлар ҳарбий-саноат корхоналари ва логистика марказларига қаратилганини таъкидлади.
Аввалроқ, 30-июлга ўтар кечаси Россия Украинага қанотли ракеталар билан зарба бергани ҳақида хабар берилганди. Ҳужум оқибатида Кривой Рогда кўп болали оила ҳалок бўлган. Украина президенти Владимир Зеленский шаҳарга қилинган ва оиланинг ўлимига сабаб бўлган ҳужумда Шимолий Корея ракетаси қўлланганини маълум қилган.

