Дунё

Россиянинг Киевга ҳужуми оқибатида камида 9 киши вафот этди

Россия армияси 1 августга ўтар кечаси Украина пойтахти Киевга баллистик ракеталар билан ҳужум уюштирди. Ҳужум оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлди, яна 23 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олди. Қутқарув хизматлари вайроналарни тозалаш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.

Россиянинг Киевга уюштирган ҳужуми натижасида камида 9 киши ҳаётдан кўз юмди.

Киев мери Виталий Кличконинг хабар беришича, кеча шаҳарда бир нечта кучли портлашлар содир бўлган. У аҳолини ҳаво ҳужуми хавфи сақланиб қолаётгани сабабли бошпаналарни тарк этмасликка чақирди.

Киев шаҳар ҳарбий маъмуриятининг маълумотларига кўра, ҳужум натижасида шаҳарнинг камида бешта туманига зарар етган. Энг катта талафот Дарницкий ва Соломенский туманларида кузатилган.

Соломенский туманида икки киши ҳалок бўлган, саккиз нафар фуқаро, жумладан икки нафар бола жароҳат олган. Бир манзилда беш қаватли турар жой биносининг бир қисми қулаб тушган ва ёнғин келиб чиққан. Бошқа бир ҳудудда автотураргоҳдаги автомашиналар ёниб кетган. Уч нафар жабрланувчи шифохонага ётқизилган. Қутқарувчилар юқори қаватларда қолиб кетган 35 нафар аҳолини эвакуация қилган ва ёнғинларни ўчирган.

Дарницкий туманида эса маъмурий бино ва нотураржой объектларидан бирида вайронгарчилик ва ёнғинлар юз берган. Шунингдек, автомашиналар ёниб кетган, яқин атрофдаги уй-жойларга ҳам зарар етган. Ушбу туманда етти киши ҳалок бўлган, 14 нафар фуқаро жароҳат олган. Улар орасида икки нафар бола ҳам бор. Фавқулодда хизматлар ёнғинларни ўчиришга муваффақ бўлган.

Киев вилоятида ҳам Россия ҳужуми оқибатида саноат корхоналаридан бирида ёнғин чиққан. Вилоят ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, ушбу ҳодисада икки киши жароҳат олган.

Ҳозирда қутқарув ва тезкор хизматлар ҳужум оқибатларини бартараф этиш, вайроналарни тозалаш ҳамда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.

rossiya hujumivayrongarchilikyong'inlarqutqaruv ishlariqurbonlarjarohatlanganlarkiyevurush