Бошқа

Леонардо ДиКаприо ва Жефф Безос ноёб ҳайвонларни асрашга 200 миллион доллар ажратди

Леонардо ДиКаприо ва Жефф Безос ноёб жониворларни ҳимоя қилиш учун 200 миллион доллар ажратди.

Леонардо ДиКаприо ва Жефф Безос жамғармалари ҳамкорлигида йўқолиб кетиш хавфи остидаги 100 турдаги ноёб ҳайвонларни сақлаб қолишга қаратилган "Феникс" лойиҳаси дастури ишга туширилди. Бу Ре:вилд ва Безос Эартҳ Фунд жамғармалари тарихидаги фақат йўқолиб бораётган ҳайвонларни асрашга бағишланган энг йирик ташаббусдир.

Лойиҳанинг умумий бюджети 200 миллион долларни ташкил этади. Ре:вилд жамғармаси актёр ва эколог фаол Леонардо ДиКаприо томонидан ташкил этилган бўлса, Безос Эартҳ Фунд Амазон асосчиси Жефф Безосга тегишли.

Маълумотларга кўра, лойиҳа ғояси ДиКаприо томонидан бир неча йил давомида ишлаб чиқилган. Кейинчалик унга Жефф Безос ва унинг турмуш ўртоғи Лорен Санчес қўшилган. Маҳаллий ҳукуматлар, эколог олимлар ва туб аҳоли вакиллари билан ҳамкорликда дунё бўйлаб ноёб ҳайвонлар популяциясини тиклаш бўйича кенг қамровли режа ишлаб чиқилган.

Дастур доирасида Мадагаскарда яшовчи олтин бошли сифака, АҚШнинг Шимолий Каролина штатидаги саламандра, Филиппиндаги Висая сўгалли чўчқаси, Мексиканинг Косумел оролидаги сичқон тури, Галапагос оролларидаги қуруқлик игуанаси, Танзаниядаги эластик тошбақа, Янги Гвинеядаги Аттенборо узун тумшуқли эхиднаси ва бошқа ноёб ҳайвон турларини асраб қолиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади нафақат ушбу ҳайвонларни йўқолиб кетишдан сақлаб қолиш, балки илгари чекланган маблағ ва бир марталик грантлар ҳисобига фаолият юритган маҳаллий табиатни муҳофаза қилиш ташаббусларини узоқ муддат қўллаб-қувватлашдан иборат. Дастур доирасида барқарор молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш, илмий кузатувларни кучайтириш ва маҳаллий аҳолини биологик хилма-хилликни асраш ишларига фаол жалб этиш ҳам кўзда тутилган.

ekologiyatabiatni muhofaza qilishhayvonlarni asrashleonardo dicapriojeff bezosfeniks loyihasiyo'qolib borayotgan turlarre:wild