Аргентина суди иккита олтин балиқни ҳуқуқларга эга ҳиссиётли жонивор деб топди

Аргентина суди Феде ва Маги номли иккита олтин балиқни ҳуқуқларга эга бўлган ҳиссиётли жонивор сифатида тан олди. Бу ҳақда СНН хабар берди.
Балиқлар Буенос Айрес шаҳридаги сушибар витринасида ноқулай шароитда сақланган. Жамоатчилик вакилларидан бири қуёш нури остида қолган аквариумга эътибор қаратган. "Йўлдан ўтаётган ва тўхтаб қараган ҳар қандай одам бу шароит балиқлар учун мутлақо номақбуллигини кўриши мумкин эди", дейди 200 дан ортиқ қутқарилган ҳайвонлар бошпана топган Жаулас Васíас нодавлат ташкилоти адвокати Матиас Труферо.
Шу сабабли Жаулас Васíас ташкилоти судга шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Балиқларнинг сақланиш шароити Аргентинада ҳайвонларга нисбатан шафқациз муносабатда бўлишни тақиқловчи 14.346-сонли қонунни бузиши таъкидланган. Натижада суд қисқа муддатда балиқларни хавфсиз жойга кўчириш тўғрисида қарор чиқарган ва сушибар маъмурияти бунга эътироз билдирмаган.
"Икки балиқчани шиша витринага жойлаштириш — худди иккита оқ айиқни сауна ичида қафасга қамаб қўйиш билан баробар", дейди қутқарув ишларига ёрдам берган ва уларни боқиб олишни таклиф қилган мутахассислардан бири Карлос Хосе Ага. Маги ва Феде 40 литрлик шиша идишдан Аганинг хонадонидаги 2500 литрлик аквариумга кўчирилган. Суд қарорига асосан балиқлар уларни асраб олган шахснинг қарамоғида қолдирилган.
Суд ишининг бошида биз балиқларни хавфсиз ва муносиб жойга кўчиришдан ташқари, уларни ҳуқуқ субьектлари ёки "ҳиссий мавжудотлар" деб эълон қилишларини сўраган эдик, деди Труферо. Яъни даъвогарлар балиқлар шунчаки обьект эмас, ҳуқуқларга эга мавжудотлар деб эълон қилинишини талаб қилган.
"Балиқни аквариумда сақлашнинг ўзи қонунга хилоф эмас. Бироқ уларни шафқациз муносабат ёки қийноққа олиб келадиган шароитларда сақлаш ноқонунийдир. Масалан, жойнинг торлиги, озуқанинг етишмаслиги ва қонун билан жазоланадиган бошқа ҳаракатлар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, агар бу экзотик тур бўлса ва у маҳаллий ёввойи табиат тўғрисидаги қонунлар доирасига тушса, уни сақлаш тақиқланиши ҳам мумкин", деди Труферо. У бундай қоидалар дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам мавжудлигини таъкидлади.
Ҳайвонлар манфаатини ҳимоя қилиш бўйича илк даъво аризаси 2005-йилда Бразилиядаги Суиза номли шимпанзе манфаатларини кўзлаб топширилган, у қўриқхонага кўчирилишидан олдин нобуд бўлган. Шундан сўнг бошқа мамлакатларда, жумладан, Аргентинада ҳам ўхшаш суд амалиёти шакллана бошлади. Улардан энг машҳури — Германияда туғилиб, Буенос Айрес ҳайвонот боғида 20 йил сақланган Сандра лақабли орангутанг иши бўлди. 2014-йилда экологларнинг судга киритган даъвоси натижасида судя уни "инсон бўлмаган шахс" деб эълон қилган.
Суд қарорида Сандранинг зарур даражада озиқлантирилгани ва шафқациз муносабатга дучор бўлмаганига қарамай, унинг тутқунликда сақланиши ҳамда оммага намойиш этилиши ҳуқуқларини поймол қилгани айтилган. 2016-йилда Буенос Айрес ҳайвонот боғи эко-паркка айлантирилиб, ҳайвонлар намойишдан олиб ташланди ва уларнинг аксарияти ихтисослаштирилган қўриқхоналарга кўчирилди. Сандра 2019-йилда Флорида штатидаги (АҚ

