Сиёсат

Латвияда рус тилини ОАВдан бутунлай олиб ташлаш талаб қилинди

Латвияда рус тилини ОАВдан тўлиқ олиб ташлаш талаб қилинди. Латвия маданият вазири Наурис Пунтулис рус тилидаги материалларни оммавий ахборот воситаларидан бутунлай йўқотишга чақирди. Бу ҳақда Россиянинг “РИА Новости” агентлиги унинг сўзларига таяниб хабар берди.

Вазирнинг айтишича, ОАВда рус тилидаги контент ҳали ҳам мавжуд. Айниқса, ҳозирги ҳарбий-сиёсий шароитда унинг мавжудлиги учун ҳеч қандай асос йўқ, дея таъкидлади вазир. "Уни (рус тилидаги контент)ни қисқартириш нимани англатади? У бутунлай йўқолиши керак ва тамом", деди у Латвия парламентининг Инсон ҳуқуқлари ва жамоатчилик ишлари қўмитаси йиғилишида.

Латвия парламенти юридик бюросининг маълумотларига кўра, ҳозирда ОАВда рус тилидаги материаллар улуши тахминан 2,5 фоизни ташкил этади. 2026-йил 1-январдан бошлаб Латвияда мактабларда рус тилини иккинчи чет тили сифатида ўқитиш тақиқланади. Шунингдек, давлат оммавий ахборот воситаларида рус тилидаги теле ва радиоешиттиришлар чекланган, рус тилидаги китоблар савдосига қўлланиладиган солиқ эса 21 фоизгача оширилган.

Ҳукумат бу чораларни давлат тилидаги ягона ахборот маконини яратиш ва миллий хавфсизликни таъминлаш зарурати билан изоҳлаган. Январ ойида Латвия Маданият вазирлиги ўз тасарруфидаги муассасалар ва давлат компанияларига расмий фаолиятда рус тилидан фойдаланишни тўхтатишни буюрган эди.

taqiqlarinson huquqlarilatviyarus tilimadaniyat vazirioavmilliy xavfsizlikaxborot makoni