Дунё

Латвия Беларус билан чегарани вақтинча ёпди

Латвия Беларус билан чегарада фаолият юритаётган сўнгги назорат-ўтказиш пунктини вақтинча ёпди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги бу қарор техник носозликлар билан изоҳланганини маълум қилди. Шу билан бирга, расмийлар аввалроқ Беларус томонидан олиб борилаётган «гибрид миграция уруши» хавфи ҳақида ҳам огоҳлантирган эди.

Латвия Беларус билан чегарани вақтинча ёпди. Бу ҳақда Латвия ички ишлар вазири Янис Домбрава ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, чегара "техник сабабларга кўра" ёпилган. Домбрава ҳали Латвияга қайтиб улгурмаган фуқароларга мамлакатга кириш учун бошқа йўналишлардан фойдаланишни тавсия қилди.

Латвия Давлат чегара хизмати вакили Кристине Петерсоне "Патерниеки – Григоровщина" назорат-ўтказиш пунктида ахборот тизимларида юзага келган носозликлар туфайли иш тўхтатилганини билдирди. Ҳозирча муаммони қачон бартараф этиш мумкинлиги номаълум.

Бир кун аввал Янис Домбрава Латвия фуқароларини Беларусга сафар қилмасликка ёки у ерда бўлган тақдирда тезроқ мамлакатни тарк этишга чақирган эди. Унинг таъкидлашича, Беларус томонидан амалга оширилаётган "гибрид миграция уруши" шароитида икки давлат ўртасида хавфсиз ҳаракатланиш қийинлашиши мумкин.

Шу билан бирга, қўшни Литвада ҳам чегара хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда. 28-июл куни Литва чегарачилари Беларус ҳудудидан қазилган ерости туннелини аниқлаган. Тахминан бир метр диаметрига эга бўлган туннел Литва ҳудудига чиқишга улгурмаган бўлса-да, расмийлар уни ноқонуний мигрантларни олиб ўтиш учун қурилган деб ҳисобламоқда.

Полшада эса 2025-йил давомида Беларус томонидан қазилган ерости туннели орқали 180 нафардан ортиқ ноқонуний мигрант мамлакатга киргани қайд этилган. Уларнинг қарийб 130 нафари ушланган. Шунингдек, ўтган йили Полша чегарачилари Беларус билан чегарада шундай тўртта ерости туннелини аниқлаган.

litvapolshalatviya-belarus chegarasichegara yopilishitexnik nosozliklargibrid migratsiya urushinoqonuniy migratsiyayerosti tunnellari