Лайфстайл

Кўкрак сути билан озиқлантириш: у бола ва онага нима беради ва бу жараённи қандай қўллаб-қувватлаш мумкин?

1−7-август кунлари ўтказилаётган Кўкрак сути билан озиқлантириш ҳафталиги ушбу табиий жараённи давлат, жамият ва оила томонидан қўллаб-қувватлаш муҳимлигини эслатади. Газета эмизиш нима учун нафақат бутун жамият учун ҳам фойдали эканини тушунтиради ҳамда фойдали инфографикани тақдим этади.

**Кўкрак сути билан озиқлантириш: унинг она ва бола учун аҳамияти ҳамда бу жараённи қандай қўллаб-қувватлаш мумкин?**

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш ва келажак авлодлар фаровонлигини таъминлашда она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган инвестициялар давлат учун энг самарали воситалардан биридир. Бу ғоя 1-7-август кунлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва ЮНИСЕФ томонидан бутун дунё бўйлаб ўтказилаётган Кўкрак сути билан озиқлантириш ҳафталигининг асосини ташкил этади.

Жорий йилги ҳафталик соғлиқни сақлаш тизимларининг эътиборини аёллар ва уларнинг чақалоқларини эмизишнинг бутун даври мобайнида қўллаб-қувватлаш зарурлигига, шунингдек, оила ва жамият томонидан тушуниш ва ёрдам кўрсатишнинг муҳимлигига қаратилган. Газета ЖССТ ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари кўмагида кўкрак сути билан озиқлантириш нега нафақат бола ва она, балки бутун жамият учун ҳам фойдали экани, шунингдек, гўдакларни табиий озиқлантириш усулини устувор йўналишга айлантириш учун давлат, соғлиқни сақлаш тизими ва иш берувчилар қандай чоралар кўриши мумкинлиги ҳақида маълумот беради.

**Болалар учун фойдалари:**

* Кўкрак сути билан боқилган болалар ортиқча вазн ва семиришдан камроқ азият чекади.

* Уларда 2-тур қандли диабет ва бошқа сурункали касалликлар ривожланиш хавфи паст бўлади.

* Она сути болани ҳимоя қилади ва айниқса ҳаётининг дастлабки ойларида унинг яшаб қолиш эҳтимолини оширади.

* Она сути бола организмини нафақат энг муҳим озуқа моддалари, балки диарея, пневмония ва турли инфексиялар каби кенг тарқалган касалликлардан ҳимоя қилувчи кучли антитаналар билан ҳам таъминлайди.

**Оналар учун фойдалари:**

* Эмизиш она учун ҳам фойдали бўлиб, туғруқдан кейинги қон кетиши, кўкрак ва тухумдон саратони, юрак-қон томир касалликлари ҳамда 2-тур қандли диабет хавфини камайтиради.

**ЖССТ ва ЮНИСЕФ тавсиялари:**

Кўкрак сути билан боқишнинг муваффақияти фақат аёлнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ бўлмаслиги керак. Бу жараёнда оила, тиббиёт ходимлари, иш берувчилар, маҳаллий ҳамжамиятлар ва давлат ҳам муҳим ўрин тутади.

1. **Ҳомиладорлик ва туғуруқ таътилини таъминлаш:** Камида миллий қонунчиликда назарда тутилган ҳажмда таъминлаш.

2. **Иш жойида шароит яратиш:** Аёл боласини эмизиши ёки кўкрак сутини соғиши учун ҳақ тўланадиган танаффуслар ва мос хонани ташкил этиш.

3. **Онага боласи билан бирга бўлиш имконини яратиш:** Бунинг учун мослашувчан иш жадвали, тўлиқсиз иш куни, масофавий ишлаш ёки иш жойига яқин болаларни парвариш қилиш хизматларини йўлга қўйиш мумкин.

4. **Аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш:** Ҳомиладорлик, оналик ёки кўкрак сути билан озиқлантириш сабабли уларни ишга қабул қилиш, меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат поғоналари бўйича кўтаришда камситилишига йўл қўймаслик.

5. **Туғуруқхоналарда кўкрак сути билан эмизишни бошлаш ва давом эттириш учун шароит яратиш:** ЖССТ ва ЮНИСЕФ “Болага дўстона муносабатдаги шифохона” ташаббуси стандартларини жорий этишни тавсия қилади. Улар тиббиёт муассасаларига оналарни зарур маълумот ва амалий ёрдам билан таъминлашга кўмаклашади.

6. **Тиббиёт ходимларини ўқитиш:** Шифокорлар, ҳамширалар ва акушерларни эмизиш масалалари бўйича маслаҳат беришга ўқитиш. Тиббиёт ходими нафақат она сутининг фойдаси ҳақида тушунтириши, балки аёлга юзага келадиган қийинчиликларни енгиб ўтишда ҳам ёрдам бера олиши керак.

7. **Оналарни қўллаб-қувватлашни молиялаштириш:** Ҳар бир аёл ҳам тиббиёт муассасасида, ҳам уйига қайтгач, кўкрак сути билан озиқлантириш бўйича малакали ёрдам олиш имкониятига эга бўлиши керак. Бунинг учун алоҳида молиялаштириш, тайёрланган мутахассислар ва ишончли ижтимоий ҳимоя, жумладан, бола туғилганидан кейин ҳақ тўланадиган таътил зарур.

8. **Халқаро қоидалар тўпламини жорий этиш:** Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида кўкрак сути ўрнини босувчи маҳсулотларни сотиш бўйича Халқаро қоидалар тўплами талабларини амалиётга жорий этиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш лозим.

9. **Кўкрак сути билан озиқлантиришни миллий стратегияларга киритиш:** Соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий стратегиялар доирасида кўкрак сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш дастурларини молиялаштириш, уларнинг ижросини қонунчилик ва назорат механизмлари, шунингдек, бундай дастурлар натижаларини мониторинг қилиш орқали таъминлаш.

10. **Боланинг эҳтиёжларини тижорат манфаатларидан устун қўйиш:** Кўкрак сути билан озиқлантиришни ҳимоя қиладиган ва болалар озиқ-овқати ишлаб чиқарувчиларининг ота-оналар танловига таъсир ўтказишига йўл қўймайдиган қоидаларни қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш.

Оқилона инвестициялар мамлакатларга фақат кўкрак сути билан озиқлантириладиган болалар улушини сезиларли даражада оширишга ёрдам бермоқда. Буни сўнгги ўн йилликда жаҳон ҳамжамияти эришган натижалар ҳам тасдиқлайди. 2023-йилга нисбатан ҳаётининг дастлабки олти ойида фақат она сути билан озиқлантирилаётган чақалоқлар улуши тахминан 10 фоизга, айрим мамлакатларда эса 20 фоизга ошган.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳафта давомида ҳар куни оналар учун фойдали инфографикаларни эълон қилиб боради.

ko‘krak suti bilan oziqlantirishjsstyunisefona va bola salomatligiish beruvchilarning rolisog‘liqni saqlash tizimimilliy strategiyalarbolaga do‘stona shifoxona