Кўчирилган давлат обьектлари ўрнида яшил жамоат парклари ташкил этиш таклиф қилинмоқда
Ўзбекистонда кўчирилган давлат таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда айрим корхоналар ўрнида яшил жамоат парклари ташкил этиш таклиф этилмоқда. Тегишли қарор лойиҳасида бундай ер майдонларидан фақат парк мақсадида фойдаланиш ва аҳоли учун очиқ, бепул масканлар барпо этиш назарда тутилган.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси билан давлат ташкилотлари ва атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи обьектлар кўчирилиши натижасида бўшаган ерларда яшил жамоат парклари ташкил этиш тартибини тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
Ушбу лойиҳа аҳоли яшаш жойларида яшил ҳудудларни кенгайтириш, шаҳар ва туманларда экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли учун очиқ ва бепул дам олиш масканлари яратиш, шунингдек, кўчирилган давлат таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда атроф-муҳитга И ва ИИ тоифали таъсир кўрсатувчи корхоналар ерларидан самарали фойдаланишни мақсад қилган.
Лойиҳага кўра, давлат мактаблари, академик лицейлар, техникумлар, олий таълим муассасалари ва бошқа таълим ташкилотлари, давлат поликлиникалари, шифохоналар ва бошқа тиббиёт муассасалари, шунингдек, атроф-муҳитга И ва ИИ тоифали таъсир кўрсатувчи корхоналар бошқа жойга кўчирилганда, уларнинг ер майдонлари ва мавжуд бино-иншоотлари инвентаризациядан ўтказилади. Шунингдек, бу ҳудудларда яшил жамоат парклари ташкил этиш имконияти ўрганилади.
Инвентаризация ва ўрганиш натижаларига кўра, бўшаган ер майдонларини шаҳарсозлик, экологик ва ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб қайта баҳолаш, уларда яшил жамоат парклари, сайр ҳудудлари, болалар майдончалари, спорт ва рекреация зоналари ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Ҳужжатда яшил ҳудудларни сақлаш ва ривожлантиришга хусусий секторни, жумладан, давлат-хусусий шериклик механизмлари орқали жалб қилиш, ер майдонларидан белгиланган мақсаддан четга чиқмаган ҳолда фойдаланиш ҳамда яшил жамоат паркларидан аҳолининг очиқ ва бепул фойдаланиши кафолатланиши белгиланмоқда.
Лойиҳада Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси давлат таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек, атроф-муҳитга И ва ИИ тоифали таъсир кўрсатувчи корхоналар кўчирилган ер майдонларида яшил жамоат паркларини ташкил этиш, уларни сақлаш ва жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланиши таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари яшил жамоат парклари ташкил этиш учун яроқли деб топилган ер майдонларини Қўмита тасарруфига беғараз ўтказиши, тегишли вазирлик ва идоралар эса кўчирилган обьектлар рўйхатини шакллантириб, улар бўйича таклифлар киритиши режалаштирилган.
Лойиҳада мазкур қарор доирасида ажратиладиган ер майдонларидан фақат яшил жамоат паркларини ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш мақсадида фойдаланиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳудудларда кўп қаватли турар жойлар, савдо мажмуалари, маъмурий бинолар, саноат обьектлари ва парк мақсадига зид бўлган бошқа иншоотларни қуриш тақиқланиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, яшил жамоат парклари аҳоли учун очиқ ва бепул бўлиши, мавжуд бино-иншоотларни сақлаб қолиш, реконструксия қилиш ёки демонтаж қилиш тўғрисидаги қарорлар ҳуқуқий, техник, экологик ва шаҳарсозлик баҳолаш натижалари асосида қабул қилиниши белгиланмоқда. Парк ҳудудида аҳолига хизмат кўрсатишга мўлжалланган енгил турдаги инфратузилма обьектларини яшил ҳудуд майдонини қисқартирмаслик ва дарахтларга зарар етказмаслик шарти билан жойлаштиришга рухсат берилиши таклиф этилган.
Низомга кўра, маҳаллий ҳокимликлар ҳар йили 1-февралга қадар кўчирилган ёки кўчирилиши режалаштирилган давлат таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда И-ИИ тоифадаги корхоналар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириб, Экология қўмитаси, Кадастр агентлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигига тақдим этади. Кадастр агентлиги ер майдонларининг чегараси, кадастр рақами, майдони, ер тоифаси, муҳандислик тармоқлари, мавжуд дарахт ва буталар, санитар ва экологик чекловларини ўрганиб, инвентаризация ўтказади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўздаверлойиҳа” институти бино ва иншоотларнинг ҳуқуқий мақоми, техник ҳолати, реконструксия қилиш ёки бузиш зарурати, маданий мерос мақоми ҳамда коммуникациялардан фойдаланиш имкониятларини баҳолайди. Ушбу баҳолаш натижалари ер майдонини яшил жамоат парки учун танлаш ёки танламасликка асос бўлади.
Низомда ҳар бир ҳудуд учун парк консепсияси ишлаб чиқилиши белгиланган. Унда паркнинг умумий майдони, яшил ҳудудлар улуши, экиладиган дарахт ва буталар, суғориш тизими, сайр йўлаклари, болалар ва спорт майдончалари, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайликлар, ёритиш ва хавфсизлик тизимлари, санитар инфратузилма ҳамда паркдан бепул фойдаланиш шартлари акс эттирилади. Бунда мавжуд соғлом дарахт ва буталарни сақлаб қолиш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда.
Шунингдек, техник жиҳатдан яроқли бинолар парк маъмурияти, экологик таълим маркази, ташриф буюрувчилар маркази ёки рекреация инфратузилмаси сифатида қайта ихтисослаштирилиши, авария ҳолатидаги ёки парк ташкил этишга тўсқинлик қилувчи иншоотлар эса белгиланган тартибда демонтаж қилиниши мумкин. Агар ҳудуд аввал И ёки ИИ тоифадаги корхонага тегишли бўлган бўлса, парк барпо этилишидан олдин ернинг экологик ҳолати ўрганилиб, ифлосланган майдонлар рекултивация қилиниши назарда тутилган.
Лойиҳага мувофиқ, яшил жамоат паркларини барпо этиш ва сақлаш учун тадбиркорлар очиқ танлов асосида жалб қилиниши мумкин. Ер майдонлари ижара ёки давлат-хусусий шериклик асосида берилади, бироқ шартномаларда яшил ҳудуд майдонини камайтирмаслик, дарахтларни парваришлаш, суғориш, санитар ҳолатни таъминлаш, аҳоли учун очиқ ва бепул киришни сақлаш каби мажбурий шартлар белгиланади. Кўп қаватли уйлар, йирик савдо мажмуалари, саноат обьектлари ҳамда парк вазифасига зид бошқа қурилишларга йўл қўйилмайди.
Ҳужжатда яшил жамоат паркларини молиялаштириш маҳаллий буджетлар, Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси, “Яшил макон” лойиҳаси учун ажратиладиган маблағлар, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, халқаро молия институтлари ва донорлар грантлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, Экология қўмитаси икки ой муддатда яшил жамоат парклари учун яроқли ер майдонларини аниқлаш мезонлари, уларни Қўмита тасарруфига ўтказиш бўйича намунавий ҳужжатлар, ижара ва давлат-хусусий шериклик битимларига киритиладиган мажбурий экологик шартлар ҳамда парклардан аҳолининг очиқ ва бепул фойдаланиш тартибини тасдиқлаши таклиф қилинмоқда. Вазирлик ва идоралар эса ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қарор қабул қилинган тақдирда бир ой ичида унга мувофиқлаштириши назарда тутилган.

