Афросиёб кўчасидаги боғ атрофини ўраб турган панжаралар олиб ташланмоқда (видео)

Афросиёб кўчасидаги боғ атрофидаги панжаралар олиб ташланмоқда (видео)
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Тошкентга "яшил шаҳар" мақомини қайтариш ташаббуси э'лон қилинганидан кўп ўтмай, пойтахтнинг Афросиёб кўчасида жойлашган боғнинг темир панжараларини демонтаж қилиш ишлари бошланди. "Дарё" мухбири халқ учун очилаётган ушбу яшил ҳудуддан репортаж тайёрлади.
Тошкент шаҳри жадал ривожланаётганига қарамай, шаҳарда яшил майдонлар жуда кам. Шу сабабли, янги истироҳат боғларини барпо этиш ва атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш Тошкентнинг бугуни ва келажаги учун энг муҳим устувор йўналишлардан биридир.
Июл ойи охирида Саида Мирзиёева пойтахтдаги бир қатор муҳим обьектларни кўздан кечирган эди. Ўшанда Президент администрацияси раҳбари Афросиёб кўчасидаги боғнинг ҳолатини ўрганиб чиқиб, бу ерда аҳоли учун эркин дам олишлари учун барча зарур шароитларни яратиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.
Бугун, 5-август куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига туташ 37 гектар майдондаги парк ҳудудини комплекс ривожлантириш ва уни аҳоли учун қулай жамоат маконига айлантириш бўйича кенг кўламли тадбирлар бошланди.
Лойиҳа доирасида парк ҳудудини замонавий шаҳарсозлик талабларига ва аҳоли эҳтиёжларига мослаштириш мақсадида қуйидаги асосий вазифалар ва устувор йўналишлар бўйича ишлар амалга оширилмоқда:
* Очиқлик ва қулайлик;
* Экология ва яшил ҳудуд;
* Замонавий инфратузилма.
Ушбу ташаббуслар пойтахтдаги экологик вазиятни янада яхшилаш, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, марказий кўчалар ва уларга туташ ҳудудларда яшил майдонлар ва боғларни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишларнинг бир қисмидир.

