Маҳаллий

Яшил боғ ва яшил жамоат паркларини ташкил этишга ҳисса қўшаётганлар рағбатлантирилади

Камида 1 000 туп дарахт ва бута кўчатидан иборат яшил боғ ёки яшил жамоат парки ташкил этган ёки Яшил хайрия жамғармасига камида 200 миллион сўм хайрия қилган жисмоний ва юридик шахслар «Экоҳамкор» мақомини олиши мумкин.

Яшил боғлар ва жамоат паркларини барпо этишга ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш тизими жорий этилмоқда.

Ҳукуматнинг “Яшил боғ ва яшил жамоат паркларини ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшаётган шахсларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Ушбу қарор билан яшил ҳудудларни кенгайтириш, яшил боғлар, жамоат парклари, ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг бу жараёнлардаги иштирокини рағбатлантириш мақсадида “Экоҳамкор” мақомини жорий этиш кўзда тутилган.

Лойиҳага мувофиқ, камида 1 000 туп дарахт ва бута кўчатидан иборат яшил боғ ёки жамоат парки ташкил этган ёхуд Яшил хайрия жамғармасига камида 200 миллион сўм хайрия қилган жисмоний ва юридик шахслар “Экоҳамкор” мақомини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мазкур мақом эгаларига яшил боғ ёки паркка ўз номи ёки ташкилоти номини бериш, экологик тадбирлар ўтказиш ҳамда ўз фаолиятини тарғиб қилиш ҳуқуқи берилади. Бироқ, бу ҳуқуқлардан фойдаланиш жараёнида яшил ҳудудларда ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади.

“Экоҳамкор” мақоми ҳар йили танлов асосида ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 14 нафар жисмоний ва 14 нафар юридик шахсга берилиши назарда тутилган.

“Экоҳамкор” мақомини олганларга давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган тижорат банкларида истеъмол кредити олишда имтиёзлар бериш таклиф этилмоқда.

green spaceseco-partner statuspublic parksgovernment incentivestree plantingecological eventscharityenvironmental initiatives