Киевда тунги ҳужум: ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор
Россия қўшинлари 8-августга ўтар кечаси Киев шаҳри ва Киев вилоятига навбатдаги қўшма ҳаво ҳужумини амалга оширди. Киев вилоятининг Бровари туманида уч киши, жумладан бир нафар бола ҳалок бўлди, яна уч киши жароҳат олди. Пойтахтнинг икки туманида эса ёнғинлар қайд этилди.

Киевда кечаси содир бўлган ҳужум натижасида қурбонлар ва жароҳатланганлар борлиги маълум қилинди.
Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг хабар беришича, Бровари туманида учта жойда вайронагарчиликлар кузатилган. Ҳалок бўлганлар орасида бир нафар бола ҳам бор. Шунингдек, уч киши жароҳатланган, улардан бири вояга етмаган.
Ткаченконинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужуми пайтида тушган парчалар хусусий уйлар, хўжалик бинолари ва автомобилларга зарар етказган. Нотурар жой биноси ҳудудида ҳам ёнғин келиб чиққан. Ҳозирча парчалар баллистик ракетага ёки ҳужумчи дронга тегишли эканлиги аниқлаштирилмаган.
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти ҳам ҳужум вақтида пойтахтда ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинганини билдирди. Маҳаллий вақт билан тунги соат учлар атрофида баллистик ракета таҳдиди ҳақида огоҳлантириш берилган.
Кейинчалик шаҳар маъмурияти Россиянинг тунги ҳужуми натижасида Киевнинг ўзида ҳам тўрт киши жароҳатланганини маълум қилди. Айни пайтда фавқулодда хизматлар ҳужум оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқда.
Украина ОАВ хабар беришича, тун давомида Киевда икки марта кучли портлашлар эшитилган. Украина Ҳаво кучлари Россия шимолий йўналишдан баллистик қурол қўллаши мумкинлиги ҳақида аҳолини огоҳлантирган. Бундан аввал эса Киев ва унинг атрофида ҳужумчи дронлар хавфи туфайли ҳам ҳаво ҳужуми сигнали эълон қилинган эди.
Киев шаҳар ҳокими Виталий Кличконинг маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, Голосеев туманида нотурар бинолар ҳудудида ёнғин юз берган. Оболон туманида эса ёнилғи сақланадиган резервуарлар ёнгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойларига қутқарув ва тезкор хизматлар жалб этилган, зарар кўлами аниқлаштирилмоқда.

