Жанубий Кореяда талаблар АҚШ ҳарбий базасига бостириб кирди (видео)

Жанубий Кореяда талабалар АҚШ ҳарбий базасига бостириб кирди (видео)
Жанубий Кореяда саккиз нафар талаба Америка Қўшма Штатлари ҳарбийлари жойлашган ҳаво базасига рухсациз киришда айбланиб ҳибсга олинди. Улар базага кириш чоғида Америкага қарши шиорларни баланд овозда айтганлар. Бу ҳақда АБС Невс мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, тўрт нафар йигит ва тўрт нафар қиздан иборат гуруҳ пойтахт Сеул яқинидаги Осан авиабазасига ноқонуний равишда кирган. Дастлаб уларни АҚШ ҳарбий хизматчилари қўлга олган, кейинчалик талабалар Жанубий Корея полициясига топширилган.
Полициянинг билдиришича, талабаларга нисбатан ҳарбий обьектларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун бўйича тергов олиб борилмоқда. Тергов давомида уларнинг барчаси кўрсатма беришдан бош тортган ва сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланган. Улар базада "АҚШнинг 7-ҳаво кучларини тор-мор қилайлик!" деган шиорларни айтиб бақирган.
АҚШ ҳарбийлари баёнот бериб, гуруҳнинг асосий дарвоза орқали базага ноқонуний киришга уринганини тасдиқлади. "АҚШ ҳарбий обьектларига рухсациз киришга бўлган ҳар қандай уринишга жуда жиддий қаралади", дейилади баёнотда.
Шунингдек, ҳодиса АҚШ ва Жанубий Корея қонунлари ҳамда тартиб-қоидалари асосида кўриб чиқилиши таъкидланди. "Корея прогрессив университет талабалари иттифоқи" Фасебоокъдаги саҳифасида ушланганлар ушбу ташкилот аъзолари эканини маълум қилди. Талабалар АҚШ ҳарбийларининг Жанубий Кореядаги яримўтказгичлар кластери лойиҳасига норозилик билдирмоқчи бўлгани айтилмоқда.
Жанубий Корея полицияси ушбу баёнотга изоҳ беришдан бош тортди. Америкалик ҳарбийлар ҳам бу масалага тўхталмади. Ёнҳап ахборот агентлигининг хабар беришича, АҚШ томони яримўтказгич лойиҳаси сабабли кўчирилиши режалаштирилган ҳарбий аеропортдан манфаатдорлигини маълум қилган.
Маълумот учун, Жанубий Кореяда Шимолий Кореядан келадиган потенсиал тажовузнинг олдини олиш мақсадида тахминан 28 500 нафар АҚШ аскари жойлаштирилган. Бу 1950–1953-йиллардаги Корея уруши оқибатидир. Уруш тинчлик шартномаси билан эмас, сулҳ битими билан якунланган.
2019-йилда ҳам Жанубий Корея полицияси АҚШ элчисининг Сеулдаги қароргоҳига ноқонуний кирган тўрт нафар талабани ҳибсга олган эди. Улар ўшанда Трамп администрациясининг ҳарбий харажатларни ошириш талабига қарши норозилик билдирган.

