Жанубий Кореяда 122 йиллик ҳарорат рекорди ўрнатилди

Жанубий Кореяда 122 йиллик ҳарорат рекорди қайд этилди
Жанубий Кореяда ҳаво ҳарорати 42,5 даражага кўтарилиб, 1904-йилдан буён, яъни об-ҳаво кузатувлари бошланганидан бери энг юқори кўрсаткични ташкил этди. Бу ҳақда Тҳе Гуардиан нашри хабар берди.
Расмийлар аҳолини очиқ ҳавода амалга ошириладиган барча фаолиятни “зудлик билан” тўхтатишга чақирди. Жазирама иссиқдан энг кўп Янгсан шаҳри азият чекмоқда, бу ерда кетма-кет бешинчи кун ҳарорат 40 даражадан юқори бўлиб турибди. Тегу ва Пусан каби бошқа йирик шаҳарларда ҳам ҳарорат 30 даражадан ошган.
Одамлар иссиқдан ҳимояланиш учун кондиционерли савдо марказлари ва кафеларда тўпланмоқда. Сеулда эса кўпчилик махсус ўрнатилган сув пуркагичли салқинлаш зоналаридан фойдаланмоқда.
Кёнгжу шаҳрида 2-август куни ҳарорат 40,3 даражага етган, бу охирги саккиз йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Шимолий Корея ҳам жазирама билан юзлашмоқда, баъзи ҳудудларда ҳарорат 40 даражагача кўтарилган.
Жанубий Кореянинг 20 дан ортиқ ҳудудида аномал иссиқ ҳақида фавқулодда огоҳлантириш эълон қилинган. Бундай огоҳлантириш кунлик ҳарорат 38-39 даражага етиши кутилганда берилади.
Расмийлар, шунингдек, Корея ярим оролидан жанубда, Хитойнинг жануби-шарқий қирғоқлари томон ҳаракатланаётган ва жазирама қанча давом этишини белгилаб бериши мумкин бўлган “Делфин” тайфунини ҳам кузатмоқда. Агар тайфун Хитойнинг шарқига қараб ҳаракатланса, намликни ошириши ва Кореяда иссиқлик тўлқинига таъсир этиши мумкин.

