“Изза” бозорида дўконлар ёниб кетди (видео)

“Изза” бозорида дўконлар алангага учради (видео)
Тошкент вилоятининг “Изза” бозорида 6-август куни ёнғин содир бўлди. Ушбу ҳодисани акс эттирувчи видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотига кўра, Зангиота тумани Токзор маҳалласи ҳудудида жойлашган дўконлардан бирида ёнғин чиққани ҳақида хабар ФВБ навбатчилик қисмига соат 12:29 да келиб тушган. Шундан сўнг воқеа жойига тезкорлик билан қутқарув экипажлари етиб борган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, аланга қисқа вақт ичида бир нечта дўконларни қамраб олган, қалин қора тутун эса шаҳарнинг турли нуқталаридан ҳам кўзга ташланган.
Вазирлик хабарига кўра, ёнғин соат 13:48 да ўраб олиниб, соат 14:09 да тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса натижасида жабрланганлар қайд этилмади. Дастлабки маълумотларга кўра, дўконларнинг 400 квадрат метр қисми ёниб кетган. Ёнғинга нима сабаб бўлгани ва нечта дўкон зарар кўргани ҳозирча аниқлаштирилмаган.

