Дунё

Испанияга денгиз орқали 3000 муҳожир бостириб кирди (видео)

**Испанияга денгиз орқали 3000 нафар муҳожир кириб келди (видео)**

30-июл куни минглаб мигрантлар Марокаш ҳудудидан сузиб ўтиб, Испаниянинг Шимолий Африкадаги Сеута анклавига бостириб кирди. Испания Фуқаролик гвардиясининг маълумотларига кўра, полиция ходимлари вазиятни назорат қила олмаяпти.

Фуқаролик гвардияси матбуот котибининг сўзларига кўра, мигрантлар Таражал тўлқинқайтаргичи орқали денгиздан оммавий равишда кириб келмоқда. Бироқ уларнинг аниқ сонини ҳозирча айтишнинг имкони йўқ.

Шу билан бирга, ТВЕ давлат телевидениеси 2000 дан 3000 гача ёшлар чегарадан ўтганини маълум қилди. ЭФЕ давлат ахборот агентлиги эса айримларнинг чегара деворларидан ошиб ўтганини таъкидлади.

Сеута ҳамда Испаниянинг Шимолий Африкадаги бошқа бир мухтор шаҳри – Мелиля Европа Иттифоқининг Африка билан ягона қуруқликдаги чегараси ҳисобланади. Ҳар икки шаҳарда Европага етиб олишни хоҳлайдиган мигрантлар томонидан чегарани бузиб ўтишга уринишлар вақти-вақти билан кескин кўпайиб туради.

Тасвирларда ҳудудга кириб келаётган мигрантларнинг баъзилари “Яшасин Испания” деб ҳайқираётганини кўриш мумкин. Уларнинг кўпчилиги Марокаш томонидан резина ва бошқа турдаги сузиш воситаларидан фойдаланиб сузиб ўтган.

Мигрантлар ҳуқуқлари бўйича фаол Закариё Зарроқийнинг айтишича, пайшанба кунги ҳолат 2021-йилнинг май ойида содир бўлган воқеага ўхшайди. Ўшанда бир неча кун ичида 10 000 га яқин марокашлик ва Саҳройи Кабирдан жанубдаги африкалик ёшлар анклавга кирган эди.

“Ҳозир ҳам вазият назоратдан чиққанича қолмоқда”, деди Зарроқий. Унинг қўшимча қилишича, одамлар Сеутага ўтиш мақсадида Марокашнинг Фнидек шаҳрига ҳали ҳам оқиб келмоқда.

Июл ойи бошида Испания Олий суди қарор чиқарган эди. Унга кўра, Сеута ёки Мелиляга етиб олишга уриниш пайтида денгизда ушланган мигрантлар ортга қайтарилиши мумкин эмас.

“Олий суд қароридан кейин мигрантлар оқими секин-аста давом этаётган эди, аммо бугун ҳақиқий портлаш содир бўлди”, деди Фуқаролик гвардияси вакили Реутерс агентлигига.

Пайшанба куни эрталаб Сеута раҳбари Хуан Ҳесус Вивас миллий ҳукуматни оммавий оқим сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилишга чақирди. Сеута минтақавий ҳукумати Хъдаги хабарида Мадриддан хавфсизликни кафолатлаш ва Марокаш билан чегарани ёпиш учун армия сўради.

Испания Ички ишлар вазирлиги ноқонуний миграция кўпайишига қарши курашиш учун Марокаш билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирди. Вазирлик ноқонуний миграцияни рағбатлантиришда ва Олий суд қароридан ўз манфаатларида фойдаланишда одам савдоси тармоқларини айблади. Марокаш Ички ишлар вазирлиги ушбу ҳолат бўйича изоҳ бермади. Аввалроқ Испания ва Гибралтар ўртасидаги чегара назорати бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.

ispaniyayevropa ittifoqiqochqinlarmigratsiyanoqonuniy migratsiyaseutamarokashchegara