Испания бош вазирининг укасига 9 йил давлат лавозимида ишлаш тақиқланди

Испания бош вазирининг укасига 9 йил давлат лавозимида ишлаш тақиқланмоқда
Испания бош вазири Педро Санчеснинг укаси Давид Санчес 14-июл куни маъмурий ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилди. У 9 йил давомида давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда НБС Невс хабар берди.
Маълум бўлишича, Давид Санчес 2017-йилда Бадахос провинсияси ҳукумати томонидан айнан унинг учун яратилган юқори маданий лавозимга тайинланган. У бош вазир билан қариндошлиги туфайли ушбу тайинловдан фойда кўрганликда айбланган. Педро Санчес эса бу айбловларни сиёсий кампаниянинг бир қисми деб атаган.
Мазкур ҳукм сўнгги йилларда коррупсия билан боғлиқ бир қатор можароларга дуч келаётган бош вазир учун яна бир сиёсий зарба бўлди. Июн ойида Педро Санчеснинг собиқ яқин ёрдамчиси коррупсия иши бўйича 24 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Шунингдек, бош вазирнинг рафиқаси Бегоня Гомесга нисбатан ҳам тергов олиб борилмоқда. У бюджет маблағларини талон-торож қилиш, коррупсия, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ноқонуний таъсир ўтказишда айбланмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, Гомес учун Мадриддаги Комплутенсе университетида махсус лавозим яратилган. У ушбу лавозимдан шахсий манфаатлари йўлида фойдалангани таъкидланган. Ҳозирда Гомесга мамлакатни тарк этиш тақиқланган, эҳтиёт чораси сифатида у паспортини топширган.
Бадахос суди Давид Санчесга мусиқа консерваторияларини бошқариш бўйича берилган лавозим “ҳеч қандай маъмурий эҳтиёжсиз ташкил этилгани” ва “шахсий манфаатларга хизмат қилгани”ни аниқлади.
“Судланувчилар муайян шахс манфаати учун ҳокимият ваколатларини қўпол равишда ва ўзбошимчалик билан суиистеъмол қилган”, дейилади суд қарорида.
Ушбу лавозимлардан бири кейинчалик Давид Санчеснинг операга бўлган қизиқишига мослаштириш учун ўзгартирилгани ҳам қайд этилган. Судланувчи қарор устидан шикоят қилиш имкониятига эга.

