“Ҳурмацизлик ниятида олмагандим” — ўзбекистонлик аёл Россия давлат рамзлари туширилган пояндоз ҳақида

**"Ҳурмацизлик ниятида олмагандим" — Ўзбекистонлик аёл Россия давлат рамзлари туширилган пояндоз ҳақида**
Россияда давлат рамзлари туширилган пояндоз туфайли жиноий жавобгарликка тортилиши олди олинган ўзбекистонлик аёл Ўзбекистонга қайтиб келгач, президентга миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Аёлнинг сўзларига кўра, у пояндозни ҳурмацизлик ниятида олмаган ва воқеа бундай тус олишини кутмаган.
"Аллоҳимга шукур. Президентимга минг бор шукур айтаман, ташаккур билдираман. Барибир ўз юртимизга келмайди ҳеч нарса. Раҳмат, ҳамма мен учун жон куйдирди. Аллоҳ рози бўлсин дейман улардан. Роса хавотир олдим, фарзандларим ёш эди. Ҳамма мусофирларга эҳтиёт бўлишини айтаман, бундай нарсани қайтарилмаслигини хоҳлайман. Чунки мен ҳам ёмон ниятда ё бир ҳурмацизлик ниятида олмагандим у нарсани. Воқеа шунақа бўлиб кетади деб, ҳам ўйламагандим", — деган у.
Нижний Новгород вилоятида ўтказилган рейд давомида полиция ерда ётган Россия байроғи ва герби туширилган пояндозни кўриб қолиб, мазкур ҳолат бўйича аёлга нисбатан Россия Федерацияси давлат рамзларини ҳақорат қилиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатиш масаласи кўриб чиқилаётган эди. Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Россиядаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи институтларнинг ҳамкорлиги натижасида мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиши рад этилди.
"Озроқ пул орттираман, уй оламан деган мақсадда кетувдим. Менинг олдимга миграциядагилар келишди, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар келишди. Ўша акаларимга ҳам жуда ҳам ташаккур билдираман", — деган аёл.
У миграция агентлиги ходимлари ҳамроҳлигида Самарқандгача кузатиб қўйилди.
Агентлик хорижда қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларга 1282 қисқа рақамлари ёки Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишни тавсия қилди.
News.ru нашрида маълум қилинишича, Россия давлат байроғи тасвирланган пояндозни сотганлар бу қилмиш учун жазоланади.

