Россияда байроқ туширилган пояндоз сабаб айбланаётгани айтилган ўзбекистонлик аёл ватанга қайтарилади

Россияда байроқ тасвири туширилган гиламча туфайли айбланаётган ўзбекистонлик аёл ватанга қайтарилади.
Россиянинг Нижний Новгород вилоятида ўзбекистонлик аёл Россия давлат байроғини таҳқирлашда айбланаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Миграция агентлиги ахборот хизмати расмий баёнот берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, Нижний Новгород вилоятида ўтказилган рейд чоғида полиция ерда ётган, Россия байроғи тасвирланган гиламчани кўриб қолган. Шу сабабли, аёлга нисбатан “Россия давлат байроғини таҳқирлаш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатиш масаласи кўриб чиқилаётган эди.
Миграция агентлигининг хабарига кўра, мазкур ҳолат назоратга олинган. Агентликнинг Россиядаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси Россиянинг тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда воқеа юзасидан барча ҳолатларга аниқлик киритиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрмоқда.
Қайд этилишича, М.С. билан алоқа ўрнатилиб, унга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
“Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан фуқаронинг Ўзбекистонга қайтиши учун авиачипта расмийлаштирилди. Унинг жорий йил 6-август куни Ўзбекистонга қайтиши режалаштирилган”, дейилади хабарда.
Аввалроқ Россияда ёки мамлакат ташқарисида жиноят содир этиб, судланган хорижликлар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга Россия фуқаролиги ва яшаш ҳуқуқи берилмаслиги хабар қилинганди.

