Сиёсат

Ҳокимлар токчадаги чангни эмас, стол устида чанг босган аризаларни кўрсин!

Раҳбар учун энг катта хавф танқид эмас

Ҳокимлар токчадаги чангни эмас, стол устида чанг босган аризаларни кўрсин!

Сир эмаски, туман ва шаҳарларда ҳокимнинг эътибори бутун бошқарув тизимининг компасидир. Компас қайси йўналишни кўрсаца, кема ҳам ўша томонга сузади. Раҳбар қайси масалани устувор деб билса, барча идоралар ҳам айнан ўша йўналишга куч ташлайди.

Аммо компас бирданига ишсизлик, ичимлик суви, йўл, электр, инвестиция ёки ижтимоий муаммоларни эмас, балки бақлажон, қозон ва токчадаги чангни «кўрсата» бошласа-чи? Унда бутун бошқарув аппарати ҳам ҳақиқий муаммоларни эмас, майда-маиший камчиликларни «давлат аҳамиятидаги вазифа»га айлантириш хавфи пайдо бўлади. Оқибатда халқ йўл, сув, иш ўринлари ва муносиб турмуш учун ечим кутаётган бир пайтда, амалдорлар чанг қидириш ва бақлажон текшириш билан банд бўлиб қолади.

Маълумотларга кўра, дунёнинг энг қудратли давлати АҚШда 774 мингдан ортиқ инсон доимий турар жойисиз ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг қарийб 266 минг нафари очиқ осмон остида, чодирларда яшайди. Энди бир лаҳза тасаввур қилинг. Бир шаҳар мери операторлар ва амалдорларни эргаштириб чодирлар олдига келиб, бошпанасиз инсонга шундай дейди:

— Нега атрофингизни супурмадингиз? Қозонингизни нега ювмагансиз? Чодирингизда чанг босибди-ку!

Бундай манзарани бутун дунё сиёсий ҳажвнинг энг ёрқин намунаси сифатида қабул қилган бўларди. Чунки инсонга муносиб яшаш шароитини ярата олмаган тизимнинг ундан маиший тартиб учун ҳисоб сўраши мантиқ эмас — мантиқсизликнинг энг юқори чўққисидир.

Афсуски, бунга ўхшаш манзара Шаҳрисабз туманида ҳақиқий воқелик сифатида намоён бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда туман ҳокими хонадонларга кириб, «Чумоли босиб кетибди», «Бақлажонни қачон тозалагансиз?», «Бу чангни қаранг», деган мазмундаги эътирозлари билан хонадон соҳибларини камера қаршисида ноқулай аҳволга солаётгани акс этган. Видеолар тарқалиши билан жамоатчилик янги иборани ҳам ўйлаб топди — «Бақлажонгейт». Дарҳақиқат, баъзан бир оғиз гап ёки бир неча дақиқалик видео юзлаб расмий ҳисоботлардан ҳам кучлироқ таъсир қилади.

Энг ажабланарлиси шундаки, ушбу кадрларда раҳбарнинг оғзидан бирорта ҳам одамлар кутган савол янграмайди. «Ичимлик суви мунтазам келяптими?», «Электр таъминотида узилишлар йўқми?», «Ёшлар иш билан таъминланганми?», «Оилангизни қийнаётган асосий муаммо нима?» каби саволлар ўрнига баҳс марказига... бақлажон чиқиб қолади. Гўё тумандаги энг оғир муаммо ишсизлик эмас, инфратузилма эмас, инвестиция эмас, балки ошхонадаги бақлажон экан.

Аслида бошқарувнинг моҳияти одамларни уялтириш эмас, уларнинг оғирини енгил қилишдир. Камера очиқликка хизмат қилса — бу демократия белгиси. Аммо камера фуқарони омма олдида изза қилиш қуролига айланса, бу очиқлик эмас, томошабозликдир. Чунки раҳбарнинг обрўси ҳеч қачон фуқаронинг қадр-қимматини пасайтириш ҳисобига ошмайди.

Бир мисол, бир неча йил аввал Австралия бош вазири Скотт Моррисон қайсидир ҳудудга бориб, журналистларга аҳолига уйларни таъмирлаш учун бериладиган субсидиялар ҳақида интервю бераётган пайтда кутилмаган ҳолат юз берди. Улар суҳбатлашиб турган пайтда уй эгаси ташқарига чиқиб, улардан газонни босмасликни сўради. Чунки бу унинг қонуний ери, шахсий мулки! Бош вазир эса баҳслашиш ёки эътироз билдириш ўрнига дарҳол узр сўраб, журналистлар билан бирга бошқа жойга ўтди ва суҳбатни ўша ерда давом эттирди.

Мана ўша воқеа видеоси: [видео ҳаволаси]

Бу воқеа раҳбарнинг шахсий фазилатлари ҳақидагина эмас, давлат бошқаруви маданияти ҳақида ҳам кўп нарсани англатади. Давлат фуқарони назорат қилиш учун эмас, унга хизмат қилиш учун мавжуд. Шунинг учун ҳам самарали бошқарув раҳбарнинг қайси камчиликни топгани билан эмас, одамларнинг ҳаётидаги энг муҳим муаммоларни қай даражада ҳал қила олгани билан баҳоланади.

Шаҳрисабзга қайтамиз. Жамоатчилик танқидлари кучайгач, туман ҳокимлиги матбуот хизмати ҳоким намунали хонадон ўрнига маҳалла раиси томонидан «адашиб» бошқа уйга олиб кирилганини маълум қилди. Бироқ бу изоҳ янги саволларни туғдирди. Манзил адашган бўлиши мумкин. Аммо камера нега адашмади? Нега тасвирга олиш тўхтатилмади? Нега фуқаронинг шахсий ҳаётини оммага чиқаришдан аввал унинг розилиги ҳақида ўйланмади? Энг муҳими, нега раҳбарнинг диққати туманнинг тизимли муаммоларига эмас, майда-маиший камчиликларга қаратилди? Токчадаги чангни кўриш қийин эмас. Уни ҳар ким кўради. Аммо идораларда йиллаб чанг босиб ётган мурожаатлар-чи? Уларни кўриш учун бошқа нигоҳ, бошқа масъулият ва бошқа давлатчилик тафаккури керак.

Халқ раҳбарни қанча бақлажон текширгани билан эмас, қанча инсоннинг ҳаётини енгил қилгани билан эслаб қолади. Тарихда кимдир йирик йўллар қургани билан қолган. Кимдир заводлар барпо этгани билан. Кимдир минглаб иш ўринлари яратгани билан. Аммо тарих ҳазилни ҳам яхши кўради. Шунинг учун баъзан бир неча дақиқалик видео ҳам йиллар давомида қилинган меҳнатнинг рамзига айланиб қолиши мумкин. Ҳеч бир раҳбар тарих саҳифаларида «Чанг қидирган раҳбар» сифатида қолишни истамаса керак.

Чунки раҳбар учун энг катта хавф танқид эмас. Энг катта хавф — устуворликларни адаштиришдир. Раҳбарнинг эътибори — бошқарув тизимининг компаси. Компас қаерни кўрсаца, бутун тизим ҳам ўша томонга ҳаракат қилади. Шунинг учун раҳбарнинг ҳар бир саволи, ҳар бир танбеҳи ва ҳар бир устуворлиги фақат бир хонадоннинг эмас, бутун туман ёки вилоят бошқарувининг йўналишини белгилайди. Масала бақлажонда ҳам, чангда ҳам эмас. Масала компаснинг қаерни кўрсатаётганида.

fuqarolar huquqlariboshqaruvshahrisabzhokimlarustuvorliklarjamoatchilik tanqidi"baqlajongeyt"davlat xizmati