Сиёсат

Ҳисобот эмас, реал ҳолат: депутатлар ҳудудларда нималарни ўрганмоқда?

**Ҳисоботлар эмас, реал вазият: Депутатлар ҳудудларда нималарни ўрганмоқда?**

Электр таъминотидаги муаммолар, "Ташаббусли бюджет" лойиҳаларининг амалга оширилиши, мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги ва хотин-қизлар бандлиги каби масалаларга жавоб топиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раҳбарияти ва депутатлари ўз сайлов округларида ўрганишлар олиб борди. Бу сафарги ташрифларда асосий эътибор ҳисоботларга эмас, балки жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганишга қаратилди.

Июл ойида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида икки муҳим видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Дастлаб, мамлакат иқтисодиётининг ярим йиллик якунлари таҳлил қилиниб, йил охиригача иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллаларнинг ички имкониятларини тўлиқ ишга солиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Кўп ўтмай, ёқилғи-энергетика соҳасига бағишланган йиғилишда электр ва газ таъминотини яхшилаш, энергия тежамкорлигини кенг жорий этиш, тармоқ самарадорлигини ошириш ва куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича қатор топшириқлар берилди.

Одатда бундай йиғилишлардан сўнг масъул ташкилотлар ижрони таъминлаб, натижалар бўйича ҳисоботлар тақдим этади. Аммо бу сафар янгича жараён бошланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раҳбарияти, қўмиталар ва фраксиялар раҳбарлари ҳамда депутатлар республика бўйлаб ҳудудларга чиқиб, Президент белгилаган вазифаларнинг ижросини бевосита жойида ўрганишга киришди.

Бу ёндашув парламент назорати мазмунида ҳам янги босқич бошланганини кўрсатади. Энди қабул қилинган қарорларнинг ижроси расмий маълумотлар асосида эмас, балки маҳаллалардаги реал ҳолат, ижтимоий обьектлар фаолияти ва аҳоли фикри орқали баҳоланмоқда. Президентимиз йиғилишларда доимий равишда рақамнинг ўзи эмас, одамлар ҳаётидаги натижа муҳимлигини таъкидлаб келади. Шу боис депутатлар ҳам бугун статистик кўрсаткичларни эмас, қабул қилинган қарорлар ҳар бир маҳалла ва хонадонда қандай самара бераётганини ўрганмоқда.

Депутатларнинг ҳудудлардаги ўрганишлари таҳлил қилинганда, улар дуч келаётган масалаларда ўхшашликлар сезилади. Бу муаммолар асосан Давлат раҳбари танқид қилган соҳаларга тўғри келади.

Хусусан, Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бощилигидаги депутатлар Қашқадарё ва Сирдарёдаги маҳаллаларда, ижтимоий-иқтисодий обьектларда, хонадонларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар қилди. Суҳбатларда "маҳалла еттилиги" фаолияти, аҳолини касбга ўқитиш, бандликни таъминлаш ва даромад манбаларини кўпайтириш масалаларини ўрганишга устувор аҳамият қаратилди. Маҳалла ва хонадонларнинг ободлиги ва озодалиги билан танишилиб, урф-одатларимизга мос ҳолда яшаш маданиятини юксалтириш масалалари ҳам ўрганилди, одамларнинг бу борадаги таклифлари олинди. Шу билан бирга, чорвачилик ва асаларичилик лойиҳалари, тиббиёт муассасалари фаолияти жойида таҳлил қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда иқтисодий юксалиш бўйича бугунгидек ютуқларга ўз-ўзидан эришилмаётгани, бунинг замирида узоқни кўзлаб олиб борилаётган қатъий ва оқилона сиёсат ҳамда изчил ислоҳотлар тургани кенг аҳоли қатламларига таъсирчан мисоллар орқали тушунтирилди.

Наманган вилоятида депутат Хайрулло Ғаффоров Янги Наманган туманидаги Мингтерак маҳалласида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди. Ҳудудда 4 километр пиёдалар йўлакчаси ва 5 километр автомобил йўлини асфалтлаш ишлари бошланган. Депутат, шунингдек, маҳаллада фаолият юритаётган ҳунарманд ва тикувчи тадбиркорлар билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммолар ва таклифларни тинглади.

Яна бир депутат Маруфжон Раҳмонов Наманган вилоятининг Уйчи туманида Кесканёр ва Ғайрат маҳаллаларида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ўрганишлар давомида меҳнат миграциясидан қайтган фуқаро ташкил этган чорвачилик хўжалиги фаолияти кўздан кечирилди. Шунингдек, аҳолидан кўчаларни асфалтлаш, қишлоқ врачлик пункти фаолиятини яхшилашга оид мурожаатлар қабул қилиниб, улар депутатлик назоратига олинди.

Тошкент вилоятида депутатлар Зуҳра Мирғозиева ва Даврон Арипов Юқори Чирчиқ туманидаги 64-сонли оилавий поликлиникада бўлиб, муассасада бир нечта йўналиш бўйича мутахассис шифокорлар етишмаслигини аниқлади. Муаммони қисқа муддатда бартараф этиш юзасидан масъул ташкилотлар билан амалий чоралар белгилаб олинди. Шунингдек, депутат Қизилгул Қосимова Оҳангарон тумани ва Олмалиқ шаҳрида ижтимоий обьектлар, коммунал инфратузилма ҳамда энергетика соҳасидаги ҳолатни ўрганди. Шоштепа қишлоғида қурилаётган спорт зали, ички йўлларни таъмирлаш ишлари ва электр тармоқларини модернизация қилиш жараёни депутатлик назоратига олинди.

Тошкент шаҳрида ҳам асосий эътибор маҳаллалардаги ҳаёт сифатига қаратилди. Депутатлар Ирина Токарева ва Жамол Очилов Олмазор туманидаги "Янги Себзор" маҳалласида аҳоли билан учрашди. Суҳбатларда бошқарув сервис компаниялари фаолияти, коммунал хизматлар сифати, уй-жойларни сақлаш ва таъмирлаш ишлари муҳокама қилиниб, фуқароларнинг барча мурожаатлари депутатлик назоратига олинди.

Бухоро вилоятида ташкил қилинган сайёр қабуллар давомида аҳоли томонидан тиббий хизматлар, коммунал инфратузилма, имтиёзли кредитлар, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга оид мурожаатлар билдирилди. Аввалги қабулларда кўтарилган қатор масалалар, жумладан, ички йўлларни асфалтлаш, ташқи ёритиш тизимини яхшилаш ва тиббиёт муассасаси қурилиши бўйича ишлар ижобий ҳал этилгани қайд этилди.

Навоий вилоятида депутатлар маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат, инфратузилма обьектлари ва аҳоли мурожаатларини ўрганди. Асосий эътибор коммунал хизматлар сифати, энергетика ва маҳаллалардаги ижтимоий муҳитга қаратилди.

Андижон вилоятида депутат Анваржон Нурматов маҳаллаларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, Пойтуғ газ тўлдириш корхонаси фаолияти, мактаблар ва оилавий шифокорлик пунктларининг янги ўқув йили ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганди. Шунингдек, "Ташаббусли бюджет" доирасида таъмирланган ички йўлларнинг сифати ҳам жойида кўздан кечирилди.

Қорақалпоғистон Республикасида эса асосий эътибор энергетика соҳасига қаратилди. Давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифаларнинг ижроси доирасида электр тармоқлари ҳолати, қўшимча қувватларга эҳтиёж, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари ва маҳаллалар инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари таҳлил қилинди. Аҳолининг электр ва газ билан барқарор таъминланишидаги муаммолар, уларнинг одамлар кайфиятига таъсири ва энергия самарадорлик ҳолати ўрганилди. Табиий газ етиб бормаган ҳудудларда аҳолини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш, суюлтирилган газ учун субсидия ажратиш масалалари бўйича таклифлар олинди.

Хоразм вилоятида эса таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш, "Ташаббусли бюджет" доирасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари, ёшлар бандлиги ва хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳалар жойида ўрганилди.

Ҳудудлардаги ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, парламент назорати тобора бошқача мазмун касб этмоқда. Илгари назорат кўпроқ вазирлик ва идоралар ҳисоботларини эшитиш билан чекланган бўлса, бугун депутатлар муаммоларни кабинетларда эмас, маҳаллалар, ижтимоий обьектлар ва ишлаб чиқариш корхоналарида ўрганмоқда. Асосий эътибор эса қабул қилинган қарорларнинг одамлар ҳаётига қай даражада таъсир қилаётганига қаратилган. Бу — парламентнинг қонун қабул қилувчи орган сифатида жамият сиёсий ҳаётидаги ўрни мустаҳкамланиши билан бир қаторда, муҳим давлат қарорлари ижросини таъминлашдаги масъулияти ҳам ортиб бораётганини англатади.

Ўрганишлар географияси турлича бўлса-да, кўтарилаётган масалалар деярли ўхшаш. Айрим ҳудудларда электр таъминоти ва инфратузилма муаммолари долзарб бўлса, бошқаларида тиббиёт муассасаларида кадрлар етишмаслиги, мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги, аҳоли бандлиги, тадбиркорликни ривожлантириш ёки "Ташаббусли бюджет" лойиҳалари ижросига оид масалалар диққат марказида бўлди.

Эътиборли жиҳати шундаки, депутатлар фақат муаммоларни қайд этиш билан чекланмаяпти. Жойларда аҳоли, тадбиркорлар ва соҳа мутахассислари билан мулоқотларда билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, тегишли вазирлик ва идораларга киритилмоқда. Қонунчиликка ўзгартиш киритишни талаб қиладиган масалалар эса парламент муҳокамаларига олиб чиқилиши режалаштирилган.

Бу жараён давлатимиз мустақиллигининг 35-йиллигини нишонлаш арафасида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотларнинг ҳақиқий баҳоси расмий рақамлар эмас, одамларнинг кундалик ҳаётидаги ўзгаришлар билан ўлчанади. Президентимиз белгилаган вазифаларнинг ижроси энди фақат ижро ҳокимияти зиммасидаги масала эмас. Парламент ҳам бу жараённинг фаол иштирокчисига айланмоқда. Депутатларнинг ҳудудлардаги ўрганишлари айнан шу мақсадга — қабул қилинган қарорлар ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир фуқаро ҳаётида қандай самара бераётганини баҳолашга хизмат қилмоқда. Бу эса давлат бошқарувида натижага йўналтирилган ёндашув тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.

educationinfrastructureeconomic developmenthealthcareenergy supplysocial issuesparliamentary oversightregional studies