Сиёсат

“Энди бундай бўлиши мумкин эмас” — бандлик вазири ўринбосари ўзи бехабар ишга жойлаштирилганлар ҳақида

Бандлик вазири ўринбосари Марат Жўраев энди фуқароларни ўзининг хабарисиз ишга жойлаштириб қўйиш имконсиз эканини айтди. Унга кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолатлар 2025-йилга алоқадор бўлиб, 2026-йилда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Ягона миллий меҳнат тизимига чекловлар ўрнатилган.

**Бандлик вазири ўринбосари: "Энди фуқаронинг хабарисиз ишга жойлаштириш имконсиз"**

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраевнинг маълум қилишича, ҳозирда электрон меҳнат шартномалари фақатгина Фасе ИД ёки электрон рақамли имзо орқали тасдиқланади. У бу ҳақда 22-июл куни Тошкентда бўлиб ўтган "Ўзбекистон меҳнат бозори: янги тенденсиялар, асосий ўзгаришлар ва инновацион ҲР" форумида Газета мухбирига берган интервюсида сўз юритди.

"Энди фуқаронинг ўзининг хабарисиз ишга жойлашиши мумкин эмас. Ягона миллий меҳнат тизимида ҳам бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чекловлар жорий этилди. Албатта, бу каби вазиятлар бизни доимо бир қадам олдинда бўлишга ундайди", — деди Жўраев.

Давлат меҳнат инспексиясининг ўрганишларига кўра, 2026-йилнинг биринчи ярмида фуқаролардан ўзларининг хабарисиз ишга жойлаштирилганлик ҳолатлари бўйича 1495 та мурожаат келиб тушган. Текширувлар натижасида 143 та корхона ва ташкилот раҳбарларига нисбатан маъмурий ва жиноий чоралар қўлланилган, шунингдек, 56 та корхона ва ташкилотга ёзма кўрсатмалар берилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб фойдаланувчилар ўзларининг хабарисиз турли корхона ва фирмаларга ишга жойлаштирилгани ҳақида ёзишган эди. Баъзилар ўз номларига иш ҳақи ёзилганини, ишдан бўшатишларини сўраб турли идораларга мурожаат қилганликларини таъкидлаганлар. Тармоқ фойдаланувчилари шахсий маълумотларнинг тарқалиб кетиши ва ўз хоҳишларига зид равишда ишга кириб қолишларида МФЙ ходимларини айблашган.

"Болалар нафақасини бермаслик учун маҳалла раиси мени ва аёлимни ишга жойлаб қўйибди. Камбағал оилалар реестридан ўчириш учун 5 та қорамол ва 10 та қўй ҳам ёздирибди", — дейди улардан бири.

Меҳнат инспексияси хабарига кўра, шундай ҳолатлардан бирида фуқаро Г. Омоновга ўзининг розилигисиз ишга киритиб қўйган МЧЖдан 25 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундириб берилган.

Марат Жўраевнинг таъкидлашича, "бу ўтган йилги ҳолатлар оқибати бўлиб, 2026-йилда бундай ҳолатларнинг олди олинган". Жўраев электрон меҳнат шартномаси айнан шундай вазиятларни бартараф этиш учун жорий этилганини қайд этди.

Вазир ўринбосари иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат шартномасини бекор қилиш ва тартибларини ўзгартириш юзасидан ҳам фикр билдирди. Унга кўра, қурилиш, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига микрофирма мақоми берилади. Ходимни ишга олиш, ишдан бўшатиш ёки унга чора кўриш, умуман, кадрлар тизимини юритиш учун алоҳида мобил илова яратилган. Ходим ва иш берувчи ундаги белгиланган шартларни маъқуллаб, розилик билдириб имзоласа, уларга ана шу қоидалар татбиқ этилади.

2026-йил январида Бандлик вазирлиги "Осон Иш" меҳнат бозори платформасини ишга туширганди. Биринчи яримьилликда платформага 230 мингдан ортиқ резюме жойланган бўлса, 36 мингга яқин ташкилотлар 50 мингдан зиёд вакансияларни эълон қилган.

Платформа сунъий интеллект технологияси билан интеграция қилинган бўлиб, у вакансияга мос келадиган иш қидирувчиларни ва иш қидирувчиларга мос келадиган вакансияларни топиб беради. Марат Жўраев платформани такомиллаштиришнинг кейинги босқичида хусусий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш режаси борлигини айтди, бироқ лойиҳа учун қанча маблағ ажратилгани хусусида маълумот берилмади.

Бундан ташқари, бандлик вазири ўринбосари Ўзбекистонда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганларнинг 33,2 фоизи НЕЕТ (бандлик, таълим ва ўқув билан қамраб олинмаган) тоифада эканлиги ҳақидаги маълумотга муносабат билдирмаслигини айтди.

Марат Жўраевга кўра, Ўзбекистонда касб-ҳунар билан қамраб олинадиган аҳоли йилига 250 минг нафарни ташкил қилади. Уларнинг асосий қисми хотин-қизлар бўлиб, 90 фоизга яқини иш билан таъминланиши кўзланмоқда. Бунинг учун ўқув харажатлари қоплаб бериладиган ваучер тизими орқали фуқаролар ўзлари истаган касбий таълим муассасасида бепул таълим олади.

"Жараённи назоратга олганмиз. Биз яратган электрон платформага барча давлат ва нодавлат касбий таълим муассасалари резидент сифатида қўшилган — рақобатбардош муҳит яратилган. Ваучер олган ишсиз фуқаро ўзи истаган касбий таълим муассасасига ўқишга боради. Қайси бирида таълим дастурлари бўйича кўпроқ одам иштирок этяпти, кўпроқ қизиқиш билдириляпти — рейтинг масаласи устида ҳам ишлаяпмиз", — дейди вазир ўринбосари.

21-июл куни ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев "Долзарб 40 кунлик" доирасида Бандлик тизими масъулларига эҳтиёжманд аҳолини ўқитиш, ишга жойлаштириш ва даромадини ошириш мақсадида ҳудудларда ўрганиш олиб бориш вазифасини юклаганди.

"Биринчи яримьилликда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришишда сусткашликка йўл қўйган, доимий ишга жойлаштириш суръати паст бўлган 250 га яқин маҳаллаларимиз бор. "Долзарб 40 кунлик"да мана шу маҳаллаларга бориб, доимий иш яратиш, одамларнинг бандлигини таъминлаш учун ҳозир режа қиляпмиз", — дейди Бандлик вазири ўринбосари Марат Жўраев.

Аввалроқ вазирлик 2025-йилда 5,4 млн аҳолининг даромадли меҳнат билан таъминлангани, шундан 1,3 млн киши доимий иш ўрнига эга бўлгани, 2,1 млни тадбиркорликка жалб қилингани ҳақида маълум қилганди.

Марат Жўраевнинг қайд этишича, вазирлик олдига 2026-йилда камбағаллик даражасини 5,8 фоиздан 2,8 фоизгача камайтириш, 1 млн аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 4 млн аҳоли даромадини ошириш, 3,5 минг маҳаллани камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш ва 165 трлн сўмлик янги иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш вазифалари қўйилган.

Вазирликнинг Газетаъга маълум қилишича, ҳозирда Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 4,5 фоизни, иш билан банд аҳоли сони 15 млн нафарни ташкил қилмоқда.

Форумда, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакили Акико Фужии "норасмий бандлик Ўзбекистон меҳнат бозорининг асосий хусусиятларидан бири бўлиб қолмоқда", дея таъкидлади. Унинг фикрича, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, умумий овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ищиларнинг салмоқли қисми расмий меҳнат муносабатларидан ташқарида қолган ва ижтимоий суғурта, пенсия ёки иш жойидаги хавфлардан ҳимояланиш имкониятига эга эмас.

"Норасмийлик билан чамбарчас боғлиқ бўлган яширин иқтисодиёт мамлакатнинг соғлиқни сақлаш, таълим ва одамлар ҳаётини бевосита яхшилаши мумкин бўлган бошқа соҳалардаги давлат инвестициялари учун мавжуд бўлган фискал имкониятларини чеклашда давом этмоқда. Кўплаб ищилар, айниқса, аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун расмий муносиб ишга жойлашиш йўли ҳали ҳам тўсиқлар, молиялаштириш имкониятларининг чекланганлиги, малака номутаносиблиги ва тенг бўлмаган парвариш юки билан тўсилган", — дейди Акико Фужии.

У бу муаммоларни ҳеч бир ташкилот ёки муассаса ёлғиз ўзи ҳал қилолмаслигини айтиб, БМТ Ўзбекистонга бу масалаларда елкадош бўлишини таъкидлади.

uzbekistanvocational trainingpoverty reductionlabor marketunauthorized employmentdigital labor contractsinformal economyemployment policy