Ҳар бир маҳалланинг энергетик паспорти шакллантирилади – энергетика вазири
Унда маҳалладаги истеъмолчилар сони ва уларнинг тоифалари, электр энергияси ва табиий газ инфратузилмасининг мавжуд ҳолати, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун қанча маблағ ва вақт талаб этилиши, янги истеъмолчиларни тармоққа улаш имкониятлари каби маълумотлар акс этади.

Ҳар бир маҳалла учун энергетик паспорт яратилади – Энергетика вазири
Энергетика вазири Шерзод Хўжаевнинг маълум қилишича, ҳар бир маҳалла учун барча муҳим маълумотларни ўз ичига олган энергетик паспорт ишлаб чиқилади.
Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу паспортда қуйидаги маълумотлар акс этади: маҳалладаги истеъмолчилар сони ва уларнинг тоифалари, электр энергияси ва табиий газ инфратузилмасининг ҳозирги ҳолати, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун зарур бўлган маблағ ва вақт миқдори, шунингдек, янги истеъмолчиларни тармоққа улаш имкониятлари.
Бундан ташқари, электр ва газ таъминоти корхоналари ҳамда истеъмолчилар ўртасидаги алоқа янги босқичга кўтарилади. Бунинг учун замонавий онлайн платформалар ишга туширилади, бу эса аҳоли ва тадбиркорларга мобил иловалар орқали керакли маълумотларни олиш имкониятини беради. Электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳақида ҳам мобил иловалар орқали тезкор хабарлар бериб борилади. Шу билан бирга, колл-марказларнинг фаолияти янада такомиллаштирилади.
Шерзод Хўжаевнинг таъкидлашича, ходимларга кунлик вазифаларни белгилаш, уларнинг бажарилишини назорат қилиш, ҳисоботларни шакллантириш, мавжуд хавфларни таҳлил қилиш, қайси ҳудудларда узилишлар кўп кузатилаётганини аниқлаш ва келгусида узилиш юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни олдиндан прогноз қилиш имконини берувчи тизимлар жорий этилади.
Энергия ресурслари таннархини пасайтиришда рақобат муҳитини кенгайтириш ва бозор механизмларини жадал жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Суюлтирилган газнинг эркин бозорини шакллантириш бўйича тегишли чоралар кўрилади. Бунда тадбиркорларнинг импорт қилиб олиб кирган суюлтирилган газини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сотиш жараёнини соддалаштириш, улар учун қўшимча қулайликлар яратиш билан бирга, хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш таъминланади.

